Асака туманида шифокорни беморнинг қариндошлари калтаклади

Фото: соцсети

Ижтимоий тармоқларда Асака туманида шифокор калтакланганлиги тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Матбуот хизмати расмий изоҳ берди, деб ёзади UzNews.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23 апрель санасидан 24 апрелга ўтар кечаси Асака туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч ТТЁ қабулхонасига ТТЁ машинасида ҳушсиз ҳолдаги аёл олиб келинган. Тиббиёт ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда касални кўриш жараёнларида беморнинг яқинлари билан келишмовчиликлар юзага келган.

Эртаси куни можаро шифокорни таьқиб этган ҳолда, бошқа жойдаги тиббиёт муассасасида давом этган. Беморнинг эри (шаърий никоҳдаги) ва 3 та шериклари томонидан 30 ёшли шифокор машинага солиниб, олиб кетилган. Оқибатда улар шифокорни калтаклаб, оғир жароҳат етказган.

Ҳозирда калтакланган шифокор “Бош мия оғир жароҳати, чайқалиши, чап қулоқ эзилган-кесилган жароҳати” ташхиси билан Республика тиббиёт маркази муассасаси филиалида даволанмоқда.

Ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан назоратга олинган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.