Қашқадарё вилоятида фуқаро асраб олган 13 ёшли қизини зўрлагани маълум бўлди

Суд
Источник: unsplash.com

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда эркак 8 нафар тарбияланувчини асраб олиб, улардан бири — 13 ёшли қизни ҳомиладор қилгани ва болани мажбуран туширгани ёзилган. Кейинроқ маълум бўлишича, бу оила Меҳрибонлик уйининг 8 нафар етим боласини тарбиялагани учун ҳар бир болага давлат томонидан 2 миллион сўмдан нафақа ажратилган.

Олий суд матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Маълумотларга кўра,  1971 йилда туғилган фуқаро Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисми ва 118-моддаси (Номусга тегиш) 3-қисми «а» бандида назарда тутилаётган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Суд жараёни Чироқчи тумани судида 7 апрель куни бошланади. Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Худди шундай воқеа бир неча ой аввал Хоразм вилоятида ҳам содир бўлган эди. Оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган уч нафар тарбияланувчиси вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбарлари билан жинсий алоқа қилишга мажбурланган. Меҳрибонлик уйи раҳбари 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган, мансабдор шахслар эса озодликни чеклаш жазосини олган ва озодликка чиққан. Оммавий норозиликдан кейин иш кассация тартибида кўриб чиқилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.