Қашқадарё вилоятида ота ўзининг 14 ёшли қизини калтаклади (+)

Фото: ОВД Кашкадарьинской области

Шу йилнинг 16 апрель куни соат тахминан 11:30 ларда Қашқадарё вилояти Косон тумани Қорабаир маҳалласида ота 14 ёшли қизини калтаклаган. Бу ҳақда зўравонликка қарши “Не молчи” лойиҳаси хабар беради.

Бу ҳолатни вояга етмаган қизнинг тоғаси видеога олиб, ички ишлар органларига хабар қилган, – дея қайд этади Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг маълумотларига кўра, қизни ўгай онаси ҳам калтаклаган.

«Ҳозирда воқеа иштирокчиларининг барчаси аниқланиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Вояга етмаган қизнинг отаси Т.Р. руҳий касалликлар диспансерига текшириш учун юборилган. Жабрланувчи Х.Г.га нисбатан етказилган тан жарохатларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган».

“Не молчи” лойиҳасининг қайд этишича, видеога кўра, ўгай она қизига уни ўлдирмасликларини айтиб, қизни уйига олиб кетмоқчи бўлган.

“Бир тасаввур қилинг-а, бола ота-онасидан шунчалар қўрқса, қандайдир нотўғри хатти-ҳаракатлари учун ўлдирилишидан қўрқса? Кўринишидан, бу оилада зўравонлик одатий ҳол. Буни қизини золимдан ўзи билан тўсаётган, зарбаларга дучор бўлган онанинг хатти-ҳаракатидан айтиш мумкин. Кўриниб турибдики, бу биринчи марта бўлмаяпти. Буни видеога олаётган қизнинг тоғасининг хатти-ҳаракатидан ҳам кўриш мумкин. Оиладаги зўравонликнинг носоғлом муҳити ҳаммага аён ва энди бунга дош беришга куч йўқ”.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти 11 апрель куни “Аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди. Ҳар қандай даражадаги оилавий зўравонлик Жиноят кодексининг 126-1-моддасида назарда тутилган жиноят ҳисобланади.

“Биз воқеалар ривожини кузатамиз ва барча айбдорлар тегишли жазога тортилишига ва қизга керакли ёрдам кўрсатилишига умид қиламиз”, – дея хулоса қилди “Не молчи” лойиҳаси.

Тўлдирилди: Қашқадарёнинг Косон туманида содир бўлган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу модда 360 соатдан 480 соатгача жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.