Қашқадарёлик фермерга 355 млн сўм миқдорида компенсация тўланди
Қашқадарёда трактори ноқонуний олиб қўйилган фермерга 355 миллион сўм товон пули ундирилди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман матбуот хизмати хабар беради. Аввалроқ, “Самандар нур” фермер хўжалиги раҳбари A.Болтаев ариза билан мурожаат қилган ва шундан сўнг бешта 35 миллион сўмлик ижро иши қўзғатилган эди. Жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорга қарамай, трактор огоҳлантирилмасдан олиб қўйилиб, аукционга қўйилган.
Бизнес-омбудсман давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларида қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича таклиф киритди, шунингдек, мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини ноқонуний деб топиш тўғрисида маъмурий судга берилган аризани қўллаб-қувватлади. Ушбу ҳаракатлар 2022 йил 7 декабрда тракторни ҳибсдан чиқариб, уни фермерга қайтаришга олиб келди.
Бироқ тракторнинг ноқонуний ушланиши натижасида етказилган зарар масаласи очиқлигича қолди. Фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб, 355 миллион сўм миқдоридаги йўқотилган фойдани ундириш юзасидан даъво аризаси киритилди. Биринчи инстанция суди даъвони рад этди, бироқ апелляция ва кассация текширувидан сўнг Олий суд қуйи судларнинг қарорларини бекор қилиб, даъвони қисман қаноатлантирди. Фермер ўз даъволарининг асослилигини исботлаб, суд мажлисларида иштирок этди.
Натижада 5 февраль куни Қарши туманлараро хўжалик суди томонидан Мажбурий ижро бюросининг Нишон туман бўлимидан фермер фойдасига 355 миллион сўм товон ундириш тўғрисида қарор чиқарилди.
Шарҳлар