Автомактаблар инструкторлари уч йилда бир марта ИИВ академиясида қайта тайёргарликдан ўтказилади

Фото: rawpixel.com

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 2 март куни автомактабларнинг ўқитувчилари ва ҳайдовчилик инструкторларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисидаги низомни тасдиқлади, дея хабар беради Адлия вазирлигининг матбуот хизмати.

Низомга кўра, таълим ташкилотлари ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларини шартнома асосида қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш (ҳар 3 йилда бир марта) Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан амалга оширилади.

Ҳайдовчилик бўйича инструкторларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш харажатлари 1 миллион 350 минг сўмни ташкил этади. Ўқитувчиларни қайта тайёрлаш қиймати 1,2 миллион сўм, малака ошириш курсларига эса 2,1 миллион сўм бўлади.

Ушбу курсларда ўқишга номзодлар Академиянинг расмий веб-сайти орқали ҳужжат топширади. Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни ичида кўриб чиқилади, камчиликлар бўлмаган тақдирда, Академия ва талабгор ўртасида шартнома тузилади.

Тингловчиларга уларнинг ўқув жараёнида иштирокини таъминлаш ҳамда ўқув дастурларини ўзлаштиришда тьютор (ўқитувчи-консультант) ёрдамлашади.

Қайта тайёрлаш дастури бўйича курсларнинг давомийлиги 2 ҳафтани ташкил қилади. Инструкторларни тайёрлаш курси 2,5 ҳафта, ўқитувчилар учун эса бир ой давом этади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида дарслар ИИВ Академиясида, бошқа ҳудудларда – Ички ишлар вазирлигининг академик лицейларида ўтказилади.

Қайта тайёрлаш курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчига диплом, малака ошириш курсини тамомлаган тингловчига эса сертификат тақдим этилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.