«Аёлларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш кучайтирилади» – Президент
Йиғилишда етим ва ота-она қарамоғисиз бўлган ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашиш учун уларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш, деҳқончилик учун ер бериш муҳимлиги таъкидланди.
Вазирлар Маҳкамасига олийгоҳни тамомлаган, ота-она меҳридан маҳрум бўлган ёшларни давлат ташкилотларига ишга жойлаштириш бўйича тизим яратиш топширилди.
Бундай ёшларга уй-жой бериш тизими ҳам тубдан қайта кўриб чиқилади.
Бунда “Инсон” марказлари томонидан ҳақиқатда уй-жойга муҳтож ёшлар рўйхати шакллантирилади, уларга бериладиган уй-жойнинг нархи бозор баҳосидан келиб чиқиб, ҳудудлар кесимида белгиланади. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда бу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар 140 миллиард сўмга етказилади.
Мутасаддиларга 1 июнга қадар навбатда турган 500 нафар етим болаларни уй-жой билан таъминлаш топширилган.
«Вояга етмаган қизларни унаштириш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ билан боғлиқ келажак авлод саломатлигига салбий таъсир қилаётган ҳолатларнинг олдини олиш, бунинг оқибатларини тушунтириш борасида ишлар лозим даражада олиб борилмаётгани қайд этилди. Кейинги йилларда мамлакатимизда оила ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатлари, аёлларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш тизими анча кучайтирилди. Лекин бундай ҳолатлар ҳали ҳам учраб турибди», – деган Президент.
Зўравонликка учраган хотин-қизлар реабилитация билан етарлича қамраб олинмагани қайд этилди.
Аёллар ва болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаш бўйича маҳалла даражасида алоҳида тизим яратилиши белгиланди.
Тазйиққа учраган аёллар реестри тузилиб, уларга маҳаллада тезкор комплекс хизмат кўрсатиш тизими жорий қилинади.
Ҳар бир туман шифохонасида зўравонликка учраганларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган хоналар ташкил этилади. Қийин вазиятдаги ёш оналарни қўллаб-қувватлаш учун “Оналар маскани” хизматини йўлга қўйиш топширилди. Йиғилишда соҳа учун масъуллар ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.
Шарҳлар