Балиқчилик соҳасидаги йирик лойиҳаларга 20 млн евро жалб этиш режалаштирилмоқда

20 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги ишларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида балиқчилик соҳасини ривожлантириш ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди. Йиғилишда келгуси йилда йирик балиқчилик лойиҳаларига 20 миллион евро жалб қилиш режалаштирилгани қайд этилди.

Хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга солиқлардан озод этилади. Хориждан мутахассис жалб қилган кластерларга эса харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби ўрнатилади.

Уйида балиқ етиштирувчилар учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратиладиган кредитлар миқдори 2 баробарга оширилади, бу мақсадларга келгуси йилда 400 миллиард сўм ва 20 миллион доллар йўналтирилади.

Балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиб, улар ўзини ўзи банд қилган аҳоли тоифасига ўтказилади.

Президент Янгийўл ва Қуйичирчиқ туманларида аҳолини балиқ етиштиришга ўргатиш бўйича тажриба ўтказилиб, келгуси йил 1 июндан Навоий, Сирдарё ва Фарғонада ҳам кенг жорий қилишга кўрсатма берди.

Давлат раҳбари ҳосилдорлиги паст бўлган 21 минг гектар сунъий ҳавзаларда ҳосилдорликни 3 баробарга ошириш ва қўшимча 190 минг тонна балиқ етиштириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун 2,2 мингта хўжаликни 50 мингта сувни кислород билан бойитиш ускунаси – аэратор билан жиҳозлаш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.