Бешта туман ҳокими ишдан олинди, Сурхондарё вилоятининг раҳбари жаримага тортилди

Тура Боболов. Источник: хокимият Сурхандарьинской области

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра уч вилоятнинг бешта тумани ҳокимлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда сешанба куни унинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди, деб ёзади «Газета» нашри.

Андижон вилояти Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев давлат хизматчиси одоб-ахлоқига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлари, раҳбар маданиятига риоя қилмаслик, халқ қабулларини ўтказишда фуқароларни ҳурмат қилмаслик ва ишдаги бошқа камчиликлар учун жазоланди.

Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Мансурбек Алихонов ва Фарғона вилояти Фарғона тумани ҳокими Шуҳратжон Мўминов ер муносабатлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бажармаганлик ва “бошқа жиддий қонунбузарликлар” учун ишдан бўшатилган.

Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳокими Элёрбек Усмонов ва Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокими Шерали Йўлдошев раҳбарлик одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилгани учун эгаллаб турган лавозимидан маҳрум этилди.

Бундан ташқари, «Ўзбекчорванасл» агентлиги директори Бахтиёр Отамуродов Наманган вилоятига хизмат сафари чоғида меҳмонхонада “нолойиқ хатти-ҳаракатлари” ҳамда ишдаги бошқа камчиликлари учун ишдан бўшатилди. Аввалроқ, у меҳмонхона ходимларини ҳақорат қилгани ва уларга қарата нарсаларни улоқтиргани акс этган видео тарқалган эди.

Шунингдек, президент қарори билан Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов жарима кўринишидаги интизомий жазога тортилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.