Бир гуруҳ ўзбекистонликларни Таиланд ва Мьянма чегарасида суткасига 18 соатдан ишлашга мажбур қилишмоқда

Источник: pexels.com

Таиландга ишлаш учун келган ўзбекистонликлар виртуал тиланчилик қилишга мажбур қилинган. Бу ҳақда одам савдоси ва зўравонликнинг турли шаклларига қарши курашиг билан шуғулланувчи Istiqbolli Avlod Республика ижтимоий-ахборот маркази маълум қилади, деб ёзади “Фергана” нашри.

Марказнинг «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилганлардан бири 20 ёшга ҳам кирмаган ва фирибгарлар қурбонига айланган Ўзбекистон фуқароси бўлади. У логистика соҳасидаги 2000 долларли иш борлигига алданиб, Таиландга жўнаб кетади. Йигитдан компьютер кўникмалари ва инглиз тилини билиш талаб қилинган.

Йигит авиачипта сотиб олиб, Бангкокга учиб кетади ва у ерда уни иш ваъда қилган эркак кутиб олади. Улар иш манзили — Таиланд ва Мянма чегарасига кетишади. Келгач, Ўзбекистон фуқаросининг паспортини рўйхатдан ўтказиш баҳонаси билан олиб кетишади. Йигит ҳарбийлар томонидан қўриқланадиган ёпиқ ҳудудга жўнатилади ва у ерда унга вазифасини тушунтирилади.

Иш ижтимоий тармоқларда аёллар номига аккаунтлар очиш ва кейин америкалик эркаклар билан ёзишмалар олиб бориш, уларни пул жўнатишга ишонтиришдан иборат бўлган. Пул ўтказмалари олинганидан сўнг, аккуант ва ёзишмалар ўчирилган.

Шундай қилиб, Ўзбекистон фуқароси ва унинг турли мамлакатлардан келган шериклари кунига 18 соатдан ишлашга мажбур бўлишган. Ишлашни рад этган ва исён кўтарганларни эса бир неча кун давомида овқатсиз қоронғи хонага қамаб қўйишган.

Ўзбекистонлик йигит ўзини ёллаган шахсдан ватанига қайтишга ёрдам сўраган. У бу муаммо 4500 доллар эвазига ҳал бўлишини айтган.

«Бангкокдаги ҳамкорларимизнинг айтишича, бу бахтсиз жойдан чиқиб кетишнинг фақат иккита йўли бор – қочиб кетиш ёки айтилган пулни тўлаш. Бошқа ҳеч қандай йўл йўқ», — дея таъкидлайди Istiqbolli Avlod.

Марказ пост қаҳрамонига ёрдам бера олдими ёки йўқ, бунга аниқлик киритмаган, лекин одамларни бундан хабардор қилишга ва одам савдосининг бу турдаги хийласи ҳақида маълумот тарқатишга чақиради.

Ушбу телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин: +998951439494 ва +998993110101.

Ўзбекистондаги машҳур блогер Никита Макаренконинг аниқлик киритишича, фирибгарлар ўз қурбонларини «Олтин учбурчак» деб аталадиган ҳудудга олиб боришади.

««Истиқболли авлод»га кўра, ҳозир у ерда ўзбекистонлик 10 га яқин йигит бор. Маълумки, улардан иккитаси Дубайда Акбар деган йигит томонидан «Саминг» фирмасига «ишга ёлланган». У ердан қочиш имконсиз, чунки мазкур ҳудуд на Мьянма ҳукумати, на Таиланд томонидан назорат қилинади», — дейди Макаренко.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.