Блогер Фарҳод Маннопов операция қилинган ва вафот этган хусусий клиника ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди
Фарҳод Манноповга риносептопластика операцияси ўтказилган ва шундан сўнг блогер вафот этган Star Med Center хусусий клиникаси тергов ҳаракатлари туфайли фаолиятини вақтинча тўхтатди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.
2 март куни ижтимоий тармоқларда Фарҳод Маннопов бурнидан жароҳат олгани ҳақида видео тарқалди. Шундан сўнг блогер Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги Star Med Center хусусий кўп тармоқли клиникасига мурожаат қилади. Текширув натижасида блогерга бурун деворининг қийшайиши, гаймор бўшлиқларининг гиперплазияси, пастки ва ўрта бурун йўлларининг гиперплазияси ташхиси қўйилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма раҳбарининг сўзларига кўра, операция вақтида блогернинг аҳволи кескин ёмонлашган ва кўрилган реанимация чораларига қарамай, блогер вафот этган. Ўлим 5 март куни тунги соат 03:22 да қайд этилган.
“Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги сабабли Star Med Center клиникасининг фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли органлар билан биргаликда Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан белгиланган тартибда суриштирув ишларини олиб бормоқда”, — деди вазирликнинг Тиббий туризмни лицензиялаш, аккредитация қилиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жалолиддин Асамутдинов.
6 март куни Чилонзор прокуратураси томонидан блогернинг ўлими юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» банди – эҳтиётсизлик оқибатида шахс томонидан ўз касбий бурчларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик ёки уларга нисбатан инсофсиз муносабатда бўлиб, одамлар қурбон бўлишига олиб келиши бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Шарҳлар