Bo'limsiz

Блогер Олимжон Ҳайдаров ҳибсга олинди

Фото: соцсети

Танқидий чиқишлари билан танилган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров жиноят содир этганликда гумонланиб, 29 июль куни ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинди. У «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан салбий мазмундаги мақолани интернетда тарқатмаслик эвазига 10 000 доллар талаб қилганликда айбланмоқда, деб ёзади “Газета” нашри.

Блогернинг укаси Салимжон Ҳайдаровнинг «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда ишонтиришича, ҳуқуқ-тартибот органлари ўтказган тезкор тадбир уюштирилган. Акаси ҳибсда очлик эълон қилган.

«Акамни ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни ижтимоий тармоқлар орқали билдик. Кейин ўзи Қўқон шаҳар ИИБдан имкон топиб, қўнғироқ қилди. Унинг айтишича, Боғдод туманида кўчада таниши билан гаплашиб турганида ички ишлар ходимлари келиб, қўлини орқасига қайириб, акамнинг машинасига пул ташлаб, мажбурлаб қўлини [кимёвий ишлов берилган пулга] теккиздиришган. Бундан биз яқинлари жуда қаттиқ хавотирдамиз. Бу ҳолат уюштирилган, деган фикрдамиз», — дейди Салимжон Ҳайдаров.

Унинг қўшимча қилишича, 29 июль куни тахминан соат 17:00 ларда ИИО ходимлари блогернинг уйида тинтув ўтказишган.

«Қўштепа туманидаги яшаш уйимизга беш, олти нафар ички ишлар ходими келиб, хонадонимизда тинтув ўтказишди. Биздан ҳеч нарса сўрашмади, биз ҳам қаршилик кўрсатмадик. Улар акамга тегишли бўлган иккита компьютер, сувенир пичоқ ва эски телефонларни ўзи билан олиб кетишди», — дейди у.

Салимжон Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, блогернинг яқинлари уни товламачилиги ҳақида бирор марта гап-сўз эшитмаган. «Шу пайтгача акамни бировдан пул олиб, фаолият юритганини эшитмаганмиз. Кам-кўсти учун уйдан пул олиб ишлатарди», — дейди у.

Унинг қайд этишича, Олимжон Ҳайдаровга тошкентлик Дилшод Жўраев адвокатлик қилади.

Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, 29 июль куни жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида Қўқон шаҳар прокурорининг Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган Олимжон Ҳайдаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди.

Суднинг 29 июлдаги ажрими билан Қўқон шаҳар прокурорининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, Олимжон Ҳайдаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.

2022 йилнинг декабрида блогер Олимжон Ҳайдаров митинглар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлик, ёлғон ахборот тарқатганликда айбланиб, 21 млн сўм миқдорида жаримага тортилган эди. У Фарғонадаги завод ишчиларининг норозилик намойиши акс этган видеони эълон қилгач, 7 ишчи ҳибсга олинганди. Шундан сўнг, блогер суд қарори устидан апелляция шикояти берганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.