БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон илгари сурган резолюцияни мақуллади
БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган «2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили» резолюциясини бир овоздан маъқуллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар беряпти.
Ҳужжатнинг бош мақсади Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил октябрида Самарқандда бўлиб ўтган БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида туризм соҳасининг янги муаммолар ва замонавий хатарлар олдида барқарорлиги ва мослашувчанлиги ҳақида билдирилган фикрларига асосланади.
Ҳужжат, 26 февраль куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ бош қароргоҳида Ташкилот Бош Ассамблеяси томонидан «2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили» резолюцияси бир овоздан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган ушбу резолюцияга 80 дан ортиқ аъзо мамлакат ҳаммуаллифлик қилди.
«Ҳужжат матнини мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатлашувларда Россия, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Туркия, Германия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи делегацияси, Япония, Корея Республикаси, Миср, Бразилия, Аргентина каби етакчи давлатларнинг экспертлари фаол иштирок этди ва резолюция мазмунини бойитишга муҳим ҳисса қўшди. БМТга аъзо давлатлар вакиллари ушбу резолюциянинг тақдим этилиши ўз вақтида ва долзарб эканини қайд этдилар», – дейилади хабарда.
Давлат раҳбари томонидан туризмнинг турли цивилизациялар бой маданий меросини асрашда, тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашда, халқларнинг қадриятларини ҳурмат қилишда муҳим ўрин тутиши тўғрисида баён этилган тамойиллар ушбу резолюцияда мустаҳкамланган.
Ҳужжатда экология, биохилма-хилликни асраш ва атмосферанинг ифлосланишини камайтириш йўлида «яшил» туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Резолюция 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилишни қарор қилади ҳамда БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилотини ҳукуматлар, БМТ тизимидаги тузилмалар, минтақавий ташкилотлар билан биргаликда йилни муваффақиятли ўтказиш учун комплекс чоралар кўришга чақиради.
Шарҳлар