БМТ Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё бўйича резолюцияси ташаббусини маъқуллади

Источник: unsplash.com

БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг навбатдаги муҳим ташаббусини қўллаб-қувватлади. Ташкилотга аъзо барча давлатлар Ўзбекистон томонидан 40 та мамлакат ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар беради.

Ҳужжатни Нью-Йоркда ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов тақдим этди.

Ушбу резолюцияни ишлаб чиқиш ва унда икки минтақа мулоқотининг умумий ёндашувлари, асосий принциплари ва йўналишларини мустаҳкамлаб қўйиш ташаббуси давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил июль ойида ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги Тошкент конференциясида илгари сурилган эди.

“БМТнинг бош маслаҳат органи томонидан қабул қилинган резолюцияда мазкур анжуманнинг юқори даражада ўтказилиши ва унинг якунида маъқулланган икки минтақа ташқи ишлар вазирларининг Қўшма баёноти юксак баҳоланган”, — деб ёзади “Дунё”.

Ҳужжатда Вена декларацияси ва унинг 2014-2024 йилларга мўлжалланган денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун ҳаракат дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги, шунингдек, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, савдо самарадорлигини ошириш, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳамда уларнинг ноёб транспорт, транзит ва сармоявий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун транспорт ва транзит йўлакларининг муҳим аҳамияти таъкидланган.

Резолюцияда Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни ўрнатишдаги роли, шунингдек, мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун унинг иқтисодий ривожланиши ва минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви муҳимлиги ҳам ҳисобга олинган.

Шунингдек, резолюция барча аъзо давлатларни Марказий ва Жанубий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликка оид умумий чақириқлар ва таҳдидларга қарши курашда кучларни бирлаштиришга чақиради.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.