Боксчи Фазлиддин Ғоибназаровнинг қуш овлагани танқидларга сабабчи бўлди

Источник: instagram.com/fazliddingaibnazarov

Ўзбекистонлик таниқли боксчи, Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров уч кун аввал, яъни 5 январда ўзининг Instagram саҳифасига елкасида ов қуроли, оёқлари остида эса ўнга яқин қуш акс этган суратларни ҳамда ов жараёни акс этган видеони жойлади. Кейинроқ ҳолат тасвирланган кадрлар спортчининг Instagram саҳифасидан ўчириб ташланган, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

Спортчининг фотосурати Instagram обуначилари томонидан кескин танқидни келтириб чиқарди. Фазлиддин Ғоибназаров иштирокидаги мазкур ҳолатга ekologuz телеграм-канали ҳам эътибор қаратиб, спортчилар қушларни ўлдиришни эмас, балки уларни асраш, меҳр кўрсатишни тарғиб қилиши кераклигини билдирган. Шунингдек, лойиҳа овга рухсат берувчи ҳужжатларни тақдим этишини ҳам сўраган.

«Спортчимизнинг мухлислари кўп, наҳотки бизнинг юлдузларимиз жониворларга нисбатан меҳрни тарғиб этишга қодир бўлишмаса?», – деган саволни ўртага ташлаган Telegram-канал.

«Газета.uz» мухбири бир қанча саволларга жавоб олиш мақсадида Фазлиддин Ғоибназаров билан боғланган. Аммо боксчи масъуллар билан гаплашиб олганини айтиб, изоҳ беришни хоҳламаган. Шунингдек, у қушлар Қизил китобга киритилмаганини ҳам қайд этган.

Тошкент вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати ушбу ҳолатга нисбатан расмий муносабат билдирди. «Ижтимоий тармоқларда бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Фазлиддин Гаибназаровнинг ов қилиб юрган ҳолати тасвирга олиниб тарқалган видео ва фотосуратлар юзасидан Тошкент вилояти Экология бошқармаси давлат инспекторлари томонидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинади», — дейилади хабарда.

Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, эртага, 9 январь куни вазирлик масъулларининг Фазлиддин Ғоибназаров билан учрашиши режалаштирилган. Ҳолат бўйича тўлиқ маълумот мазкур учрашувдан сўнг берилиши таъкидланди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.