Болалар омбудсмани: Урганчдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг зўрланишига ўхшаш воқеалар яна бор
Урганчдаги (Хоразм вилояти) меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг зўрланишига ўхшаш воқеалар яна бор. Бу ҳақда Ўзбекистон Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова Kun.uz нашрига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади “Фергана” нашри.
“Аслида бундай ҳолатлар кўп. Биз уч йилдан бери кузатамиз. Биз вояга етмаганлар учун муассасаларда кўплаб ҳолатларни аниқладик”, — дейди Болалар Омбудсмани.
Хоразмдаги вазият назорат остида. Бироқ, Омбудсман эътироф этганидек, Ўзбекистонда болаларни ҳимоя қилиш тизими талабларга жавоб бермайди.
“Ихтисослашган прокурорлар, судьялар, адвокатлар бўлиши керак. Чунки бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунда алоҳида 11-моддада болани ҳимоя қилишда васийлик ва ҳомийлик органлари сифатида суд ва прокуратура кўрсатилган. Савол туғилади, нега суд ишни кўриб чиқиб, енгил жазо чиқарди? Муаммони қайта таҳлил қилишимиз ва кўриб чиқишимиз мумкин. Лекин, биринчи навбатда, бу суд ҳокимиятининг ваколатига киради”, – дейди Юнусова.
Унинг таъкидлашича, Омбудсман институти мустақил фаолият юритади.
“Биз болалар манфаати учун ишлаймиз, шунинг учун ҳар бир ишни ўз ташаббусимиз билан ўрганишга ҳаракат қиламиз. Биз тегишли давлат тузилмалари ва вазирликларга ўз тавсияларимизни берамиз ва вазиятни назорат қилиб, охиригача етказишга ҳаракат қиламиз”, — дея тушунтиради Юнусова.
Хоразмдаги воқеага болалар омбудсманининг жавоби нима учун кеч бўлди, деган саволга Юнусова ижтимоий тармоқларда ўқигунга қадар бу ҳақда ҳеч нарса билмаганини айтади.
“Дарҳақиқат, биз бу вазиятни жуда кеч билиб қолдик. 31 март куни соат 23:20 да «Эффект Макаренко» телеграм каналида хабарни ўқидим. Мен дарҳол бу масала бўйича материалларни қаердан олишим мумкинлигини сўрадим. Менга nemolchi.uz каналида маълумот борлигини айтишди. Суд ёпиқ эшиклар ортида ўтгани учун бизда ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Ҳеч ким бизга маълум қилмаган. Ижтимоий тармоқларда бу ҳақда Сенат мажлисида гапирилгани ҳақида ёзишди, лекин мен бу мажлисда қатнашмагандим”, — дея тушунтиради Олий Мажлиснинг (Ўзбекистон парламенти) бола ҳуқуқлари бўйича вакили.
Юнусова болалар омбудсмени институти 3 йилдан бери фаолият юритаётганини, бироқ вилоятларда ҳалигача вакиллари йўқлигини таъкидлади.
“Бизда бор-йўғи учта ходим бор: болалар омбудсмани, етакчи мутахассис ва сектор мудири. Ҳудудларда ходимларимиз йўқ, яъни тузилма йўқ. Айни пайтда “Болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланган. Уни кутяпмиз, муҳокамадан кейин Қонунчилик палатасига киритилади. Ушбу қонун асосида бизнинг штатларимиз кенгайтирилиб, ҳудудларда ишлаш имконияти яратилади. Чунки болалар омбудсманининг ҳудудларда вакиллари бўлиши керак. Кейин бундай ҳолатларни зудлик билан текширишга ҳаракат қиламиз”, – дейди у.
Алия Юнусова Урганч шаҳридаги Меҳрибонлик уйидаги вазиятни синчиклаб ўрганиб, бу борадаги ишларни охиригача етказишга ваъда берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйида қарийб бир йил давомида муассаса маъмурияти таклифи билан маҳаллий мутасаддилар уч нафар вояга етмаган ўқувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида суд улардан икки нафарини – адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлимининг собиқ бошлиғи Анвар Қурязовни 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилишга, меҳрибонлик уйи раҳбарини Юлдуз Худайбергенова 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилган.
Воқеа ошкор бўлиб, жамоатчилик билдирган норозиликдан сўнг Хоразм вилояти прокуратураси Машарипов ва Қурязов иши бўйича қарорнинг бир қисмини бекор қилиш ва уларнинг ишини апелляция судига янгидан кўриб чиқиш учун юбориш тўғрисида Олий судга кассация протестини юборди.
“Протест жорий йилнинг 6 апрель куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича коллегиясида кассация тартибида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади”, — деди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов.
Шарҳлар