Бош прокуратура блогер Абдуқодир Мўминовнинг ўлими ҳақидаги маълумотни рад этди
Ижтимоий тармоқларда Жиноят кодексининг икки моддасидаги жиноятларни содир этганликда гумонланиб, ҳибсга олинган блогер Абдуқодир Мўминовнинг тергов вақтида қийнаб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га Абдуқодир Мўминовнинг вафоти ҳақидаги хабарлар фейк эканлигини таъкидлаган. «Мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. А.Мўминов тирик ва соғлом», — дейди у.
Абдуқодир Мўминовнинг собиқ адвокати Бобир Мукадамовнинг Facebook саҳифасида ёзишича, блогер айни пайтда соппа-соғ.
«Товба! Тирик, соппа-соғ одамни ўлдига чиқаришади-я. Ҳозир гаплашдим терговчи билан. Соғ-саломат, келиб кўриб кетишингиз мумкин дейишди», — дея ишонтирди у.
Адвокатнинг сўзларига кўра, Абдуқодир Мўминов унинг хизматларидан воз кечган. «Негадир ҳаммага шубҳа билан қараяпти. Ўзимни мақташмасу, мен уни аниқ ҳимоя қила олган бўлардим», — дейди Бобир Мукадамов.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида Абдуқодир Мўминов номаълум шахслар томонидан унга ҳужум уюштирилгани, машинасининг олд ойнаси бита билан синдирилгани ҳақида хабар берганди. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ блогерга қилинган ҳужум юзасидан «босқинчилик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.
Шарҳлар