Бош прокурор ўринбосари ИИВнинг ЙПХ ходимларини видеога олишни тақиқлаш бўйича лойиҳасини қўллаб-қувватлади
Ички ишлар вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Йўл-патрул хизмати ходимларининг рухсатисиз ўз хизмат вазифаларини бажараётгани акс этган сурат ва видеоларни интернетда жойлаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги қарори лойиҳасини эълон қилганди. 29 март куни якунланган лойиҳа муҳокамасида фуқаролардан жами 1224 та таклиф келиб тушди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.
Пайшанба куни АОКА офисида бўлиб ўтган брифингда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ушбу ҳужжатга изоҳ берди.
«ЙПХ ходими ўз хизмат вазифасини бажаради. Бу яхшими ёки ёмон – иккинчи даражали масала. Рулда ўтирганингизда, машина ҳайдаш қанчалик хавфли бўлади. Баъзи камералар ишлайди, баъзилари эса йўқ. Қаердадир ЙПХ ходими бор, қаердадир йўқ. Лекин рулда ё ҳайдашни ўрганмаган, ё ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган, ёки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилганларни кўрамиз. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон йўллари “қонли” деб аталади. Бу шармандалик эмасми? Бу менинг шахсий фикрим. Агар ходим ўз хизмат вазифасини бажаришда йўловчидан қонунга риоя қилишини талаб қилса, уни видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиш нотўғри, назаримда».
Унинг сўзларига кўра, ЙПХ ходими нафақат давлат хизматчиси, балки шахс, Ўзбекистон фуқароси ҳамдир.
«Сиз ундан сўрашингиз керак. Масалан, агар мендан сўрасангиз, мен ўзимни фотосуратга олишларига рухсат бермайман, сўрамасангиз, бу менинг қадр-қимматимга, ҳуқуқларимга путур етказади. Конституциявий норма бор – ҳар бир инсон ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинадиган тажовузлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. ЙПХ инспектори ҳам Ўзбекистон фуқароси ва унинг ҳуқуқлари Конституция билан ҳимояланиши керак. Бу менинг шахсий фикрим. Бу қонун эмас, балки фикр. Қонун лойиҳаси муҳокама қилинганидан кейин бунга ё рухсат берилади ёки тақиқланади.», – деди Светлана Ортиқова.
Шарҳлар