Брюсселдаги саммитда Евроиттифоқ мамлакатлари Украинага “барқарор ҳарбий кўмак” беришга тайёрлигини тасдиқлайди
Европа иттифоқи етакчилари Украинага “ўз вақтида, олдиндан маълум бўлган ва барқарор ҳарбий кўмак” беришда давом этиш борасидаги қатъиятини тасдиқлайди, бу ҳақда саммит қарори лойиҳасида айтилади, деб ёзади Reuters агентлиги.
“Европа кенгаши, шунингдек, жанговар ўқ-дорилар ва ракеталар етказиб беришни тезлаштириш борасидаги ўткир заруриятни тасдиқлайди”, — дейилади ҳужжат лойиҳасида.
Айни вақтда лойиҳа Евроиттифоқ етакчилари Украинага кўмак доирасида Европа тинчлик фондига яна 5 миллиард евро киритиш-киритмаслиги масаласини очиқ қолдирмоқда. Яна 5 миллиард евро ажратиш ғояси матн лойиҳасига квадрат қавслар ичида киритилган бўлиб, улар ҳамон муҳокама мавзуси бўлиб турганини англатади.
Бунга Венгрия қарши чиқаётганди, аммо ўтган ҳафта масала Евроиттифоқ мамлакатлари элчилари учрашувида муҳокама қилинганида Будапешт консенсусга эришилишига тўсқинлик қилмаслигини эълон қилди.
1 февраль, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтадиган саммитнинг асосий мавзуси Украинага тўрт йил учун 50 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам пакети бўйича келишувга эришишга уриниш бўлади, у эса декабрда бўлиб ўтган аввалги саммитда Венгрия томонидан блоклаб қўйилган эди.
Шарҳлар