Бу йил Наврўз байрами умумхалқ сайли кўринишида ўтказилади

Источник: Rodnae Production/unsplash.com

Ўзбекистон Президенти “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Наврўз байрамини олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда, ҳар томонлама юксак савияда ўтказиш мақсадида ушбу айём “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида нишонланади, деб ёзади «Норма» нашри.

Жойларда Наврўз умумхалқ байрамини юқори савияда ўтказиш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:

  • Наврўз кунларида инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътибор яққол ўз ифодасини топишини акс эттирадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;
  • Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастурлар асосида халқ сайилларини ташкил этиш;
  • Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш;
  • мамлакатимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни уюштириш, Наврўз умумхалқ байрами арафасида республикамизнинг барча ҳудудларида, ҳар бир кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободончилик ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш;
  • байрам тадбирлари бўлиб ўтадиган жойларда ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш, китоб расталари, кўчма савдо дўконларини ташкил қилиш, кўклам таомларини тайёрлаш ва уларнинг савдосини йўлга қўйиш.

Белгиланишича, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

  • Тошкент шаҳрида – республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.