«Бу каби вазиятларда ҳаракат қилиш ва, энг асосийси, уларнинг олдини олиш тизимини яратиш устида ишлашимиз керак» – Саида Мирзиёева Урганчда содир бўлган воқеа ҳақида

Фото: Саида Мирзиёева / Telegram

Президент Администрациясининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича сектори мудираси Саида Мирзиёева Хоразмдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаш билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, қизларнинг хавфсизлиги, руҳий ва жисмоний тикланиши ҳозирда устувор масала.

«Бугун биз Хоразмдаги болалар уйининг уч нафар жабрланган қизларига хавфсизлик таъминланишига эришдик», — деб ёзади Мирзиёева.

Шунингдек у зўравонлик доим бўлганини, лекин айнан ҳозир очиқлик туфайли ушбу ҳодиса ҳақида баланд овоз билан гапирилаётганини ва бунга қарши курашиш учун реал ресурслар пайдо бўлганини қайд этади.

«Ўзбекистон сўз ва медиа эркинлиги борасида зиммасига олган мажбуриятлари, бу жараён барча учун жуда оғриқли кечаётган бўлса-да, ўз мевасини бермоқда. Тизим бир кунда барпо этилиб қолмайди, бу узоқ йўл ва манфаатлар курашидир. Ва бугун муаммоларни эркин кўтараётган овоз ҳар қачонгидан ҳам баланд янграмоқда», – дейди у.

Унинг фикрича, бу каби вазиятларда ҳаракат қилиш ва, энг асосийси, уларнинг олдини олиш тизимини яратиш устида ишлаш керак.

«Қонунларни қатъийлаштириш ва зўравонликка мутлақ тоқатсизлик нормаларини яратиш вақти келди. Барча даражаларда. Бу вазиятда менга умид бағишлайдиган бирдан-бир жиҳат борки, у ҳам бўлса ошкоралик ва фуқаролик жамиятининг овози. Эҳтимол, бусиз атрофда бўлаётган воқелардан ожизларча бехабар бўлиб қолардик», – деб ёзади у.

Саида Мирзиеева вазиятга бефарқ бўлмай, бу кейс юзасидан фуқаролик позициясини билдирган барча ОАВ ва фаолларга миннатдорлик билдирган.

Аввалроқ биз Хоразмдаги меҳрибонлик уйининг мудираси уч нафар вояга етмаган қизни эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлагани ҳақида ёзган эдик.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.