Бухоро аҳолиси шаҳар марказидаги биноларнинг бузилишига қарши чиқмоқда

Возможные границы проекта туристического центра в Бухаре. Фото: Диёр Имомхўжаев / Telegram

Бухоро шаҳри марказида сайёҳлик маркази қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун академик Иброҳим Мўминов, Ҳамза ва Ҳофиз Таниш кўчалари кесишмасида жойлашган 32,6 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов томонидан имзоланган 26 декабрдаги ҳукумат мажлиси баённомасида айтилади, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

Ҳужжатда 29 та давлат объекти, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, маданият коллежи, “Бухоро Арена” стадиони, ФҲДЁ ва бошқа биноларни бошқа жойга кўчириш назарда тутилган.

Бундан ташқари, хусусий объектларни, жумладан, InfinBANK биноси, қаҳвахона ва тураржой биноларини бузиш ҳам кўзда тутилган.

Kun.uz маълумотларига кўра, 15 январга қадар бузилиши лозим бўлган объектлар эгаларини огоҳлантириш, бузиш ва демонтаж бўйича ишларни баҳолаш ҳамда мулкдорларга бошқа давлат объектларини ёки пул компенсациясини таклиф қилиш тавсия этилган.

Туристик марказнинг буюртмачиси сифатида Enter Engineering ёки унинг таркибий компаниялари, маъмурий марказ буюртмачиси сифатида эса вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бухоро шаҳридан сайланган депутати Умида Раҳмонова ҳар куни минглаб аҳоли, айниқса, болалар ва кексалар фойдаланадиган 20 дан ортиқ спорт секциялари фаолият юритаётган спорт майдончаси бузилиши мумкинлиги ҳақида гапирди. “Улар ҳамма учун қадрли бўлиб қолган жойда саёҳатчилар ва айрим чет элликлар учун шаҳарча қурмоқчи. Маҳаллий аҳоли-чи? Афсуски, шаҳарда югуриш ва соғломлашиш учун йўлаклар ҳали ҳам етарли эмас”, — деб ёзади у Телеграм-каналида.

13 январь куни “Потребитель Бухара плюс” Телеграм-каналида сайёҳлик маркази қурилишига қарши бўлган вилоят аҳолисининг президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган видеомурожаати эълон қилинди.

“10 январь куни олган хабаримиз бизни ларзага солди. Бизга бу гўзал ва улкан спорт мажмуаси ўрнида кимдир Самарқанддагидек сайёҳлик маркази қурмоқчи эканини айтишди. Бу ерда жуда кўп спортчиларимиз шуғулланади. Ҳар куни 200 нафар бола келиб шуғулланади. Болалар билан 50 га яқин мураббий ишлайди. Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари бу ерда нормативларни топширади”, — дейди видеодаги фуқаро.

Унинг сўзларига кўра, спорт мажмуаси жорий йилда Ўзбекистон Суперлигасига чиққан «Бухоро» футбол клубининг уй аренаси ҳисобланади. Спорт мажмуаси бузиб ташланганидан сўнг мухлислар ўз севимли жамоасининг футболини томоша қилиш учун бошқа шаҳарларга боришга мажбур бўлади, кейинчалик жамоа ҳам йўқолиб кетиши мумкин.

Бу ерда енгил атлетикачилар ва паралимпиячилар ҳам шуғулланади.

Фуқаро Бухорода Арк қалъасидан Лаби-Ҳовуз ансамблигача сайёҳлик шаҳарчаси борлигини эслатади. Президент томонидан эълон қилинган “Яшил Макон” дастури доирасида бу ерда яқинда 1500 туп қимматли кўчатлар экилганини ҳам таъкидлади.

“Бизни спортдан маҳрум қилмоқчимисиз? Яна “Соғлом турмуш тарзи йили”, “Ҳамма стадионга борсин” дейсизлар… Агар шу тарзда йўқ қиладиган бўлсангиз, сайёҳлар учун шароитларни яратиб қўйсангиз, халқимиз-чи, у нима қилади? Ёшлар-чи? – дейди у.

Яна бир фуқаро “дунёнинг ҳеч бир жойида янги қурилган стадионлар бузилмайди, бу стадион қурилганига 16 йил бўлди” – дейди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.