Бухоро вилоятида археологик ёдгорликка 26,7 млрд сўмлик зарар етказилди

Источник: Агентство по противодействию коррупции

Ҳокимлик ноқонуний равишда Бухородаги IV-ХV acpларга оид “Вардонзе қўрғони” ҳудудини фермерга бериб юборган. Фермер уни техникалар билан суриб, экин экиб келгани натижасида археологик ҳудудга деярли 27 млрд сўмлик зарар етган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати хабар беради, деб ёзади UzNews нашри.

Маълум бўлишича, Шофиркон туманидаги фермер хўжалиги раҳбари А.Қ. тегишли идораларнинг хулосаларини олмасдан объектнинг муҳофаза ҳудудини оғир техника ёрдамида суриб, ер қазиш, ер тузиш, экин экиш ва мелиорация ишларини амалга оширганлиги, жумладан, ариқ қазиб, фермер хўжалиги ер майдонини археология объекти муҳофаза майдони ҳисобидан кенгайтирган.

Бу эса объектнинг Рабод қисми маданий қатлами йўқотилиши, ҳудуддаги саксовул дарахтларининг нобуд бўлиши ҳамда ер қаърида сақланиб келаётган қадимги тарихий топилмаларнинг йўқотилишига сабаб бўлган.

Ҳужжатларга кўра, объектнинг ер майдони ва муҳофаза ҳудуди туман ҳокимлигининг 2013 йилдаги қарорига асосан 124 гектарни ташкил этган. Аммо, 2015 йилда ҳокимлик қонунчиликка зид равишда, тегишли идораларнинг хулосаларисиз объект ҳудудини 76 гектар этиб белгилаган.

Шунингдек, қисқартирилган ер майдони фермер хўжалигига яйлов сифатида фойдаланиш учун берилган, бироқ амалда фермер уни экин майдонига айлантириб юборган.

Ўрганиш якунида археология ёдгорлигининг Рабод қисми ер майдонининг 1 800 квадрат метр қисмига шикаст етказилиши оқибатида давлат манфаатларига 26 млрд 730 млн сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди.

Агентлик томонидан тўпланган ҳужжатлар асосида ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан ЖКнинг 132-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Маълумот учун: Вардонзе қўрғони IV-XV асрларга мансуб ёдгорлик бўлиб, давлат муҳофазаси остида ҳисобланади. У Номоддий маданий мерос кўчмас мулки давлат реестрига киритилган. 2021 йил 4 октябрда президент фармони билан ушбу объектни ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича таклиф берилганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.