Бухоро вилоятида бандлик бўйича статистикани орттириб кўрсатишгани маълум бўлди

Источник: пресс-служба Сената

21 июль куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Кенгаш мажлисини Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди. Унда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди, дея хабар беради парламентнинг юқори палатаси матбуот хизмати.

Мажлисда Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг май-июнь ойларида Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Хизматлар соҳасида яратилган янги иш ўринлари бир вақтнинг ўзида бошқа соҳа ва йўналишларда ҳам акс эттирилиши оқибатида ҳисоботларда жами яратилган иш ўрни сони орттириб кўрсатилган. Жумладан, Бухоро вилоятида хизматлар соҳасида ўзини ўзи банд қилиш йўналишида яратилган 22,4 мингта иш ўрнидан 15,5 мингтаси қишлоқ хўжалигида, 3,0 мингтаси туризм ва маданият соҳасида такрорланган. Бухоро вилоятида бандлиги таъминланганлар сони ҳисоботларда асоссиз равишда ошириб кўрсатилганлиги танқид қилинди.

Меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида Бухоро вилоятида 1 161 та, Жиззах вилоятида 1 401 та, Наманган вилоятида 974 та, Фарғона вилоятида 926 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганлиги ҳамда мазкур ҳолатлар бўйича 1 107 нафар мансабдор шахсга нисбатан 2,1 млрд сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилганлиги қайд этилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.