Бухоронинг тарихий марказида меҳмонхона қурилиши бошланганди, аммо бу овоза бўлганидан кейин қурилиш тўхтатилди

Источник: Департамент культурного наследия

Жорий йилнинг 19 июнь куни, телеграм ижтимоий тармоғидаги “Troll.uz” каналида  “Қурилиш соҳасидаги муаммолар. Бухородаги Гавкушон маҳалласи мисолида” номли видеолавҳа эълон қилинди. Ведеода Бухоро тарихий марказида жойлашган Гавкушон кўчасида қурилиши режалаштирилган меҳмонхона бўйича сўз борган. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига Маданий мерос департаментида маълум қилишди.

Мазкур видеолавҳа бўйича тегишли ташкилотларнинг вакиллари билан биргаликда жойига чиқиб ўрганилганда, қуйидагилар аниқланди:

– Бухоро шаҳар ҳокимининг 2018 йил 28 июндаги 2196-сонли қарорига асосан “Prime Real Estate” МЧЖга Бухоро шаҳрининг Хўжа Рангрез кўчасидаги қишлоқ ҳўжалигида фойдаланилмайдиган ерлар ҳисобидан 500,0 кв.метр ер майдони ажратилган. Шунингдек, Бухоро шаҳар ҳокимининг 2021 йил 25 мартдаги 310-сонли қарорига асосан Бухоро шаҳар ҳокимининг 2018 йил 28 июндаги 2196-сонли қарорининг биринчи ва иккинчи бандидаги “Хўжа Рангрез кўчаси” сўзлари “Говкушон кўчаси” сўзлари билан ўзгартирилган;

– Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти Илмий-эксперт Кенгашининг 2019 йил 12 декабрдаги 6-сонли йиғилиш баёнига мувофиқ белгиланган ҳудудда меҳмонхона қурилиши бўйича лойиҳа таклифи баландлиги ер сатҳидан 7,1 метрдан оширмаслик шарти билан маъқулланган;

– Бухоро вилояти қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик Кенгашининг 2020 йил 10 февралдаги 4-йиғилиш баённомасига асосан мазкур ҳудудда “Prime Real Estate” МЧЖ томонидан меҳмонхона бино-иншоати қурилишини лойиҳалаштириш учун бош режаси ва фасад кўринишлари келишилган;

– “Prime Real Estate” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб бориладиган ҳудуд тозаланиб, атрофи ўраб олинган бўлса ҳам барча қурилиш ишлари тўхтатилган.

Ҳозирда, ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Миллий археология институти мутахассислари томонидан археологик қазилма ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур лойиҳа бўйича аввал олиб борилган ўрганиш давомида жамият раҳбариятига ушбу ҳудуд “Бухоро тарихий маркази”да эканлиги ва тарихий обидалар зич жойлашганлиги сабабли меҳмонхона ташкил этиш лойиҳасини ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси маркази билан келишиш шарт эканлиги тушунтирилган эди.

Маълум бўлишича, мазкур лойиҳанинг “Бухоро тарихий маркази” – бутунжаҳон мероси объектига бўлган таъсирини баҳолаш ҳисоботини тайёрлаш ва ўрнатилган тартибда халқаро ташкилотлар билан келишиш мақсадида “Prime Real Estate” МЧЖ томонидан хорижий экспертлар жалб қилинган.

Лойиҳа ташаббускорига ЮНЕСКО ва ИКОМОС мутахассислари томонидан лойиҳага ижобий хулоса берилмагунга қадар қурилиш ишларини бошламаслик лозимлиги бўйича тушунтиришлар берилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.