Қурилиш–таъмирлаш ишларига бюджетдан қанча маблағ ажратилмоқда
2024 йилда қурилиш–таъмирлаш ишлари учун бюджетдан катта миқдорда маблағ ажратилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳусан Шораҳимов маълум қилди.
Ушбу дастурга асосан 2024 йилда бюджетдан 20 трлн. 424 млрд. сўм маблағ ажратилиши ва 1.724 та объектдақурилиши – таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Хабарга кўра, “назорат тадбирларида объектларнинг нархини асоссиз равишда оширилиши ва ортиқча харажатлар қилинишининг олдини олишга алоҳида эътибор берилмоқда”.
Бунинг натижасида 2023 ва 2024 йилги дастурлардаги қурилиш объектларининг лойиҳа – смета ҳужжатларини тайёрлашда 4 трлн. сўмга яқин ортиқча харажат мақбуллаштирилди.
Шунингдек, объектларни ўрганиш мобайнида 77 млрд. сўмлик 3.716 та ишлар сифатсиз бажарилгани, 1.639 та ҳолатда 74 млрд. сўмлик ишлар қўшиб ёзилган аниқланиб, бартараф эттирилишига эришилган.
“Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан эса 673 та жиноят ишлари қўзғатилди, 5,5 минга яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди”, – дейилади хабарда.
Ҳозирда қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Шарҳлар