Бухорода 53 та одам овқатдан заҳарланди

Фото: yuz.uz

Бухоро вилоятида туй маросимидаги овқатни истеъмол қилганлиги сабабли одамлар заҳарланган, деб хабар бермоқда вилоят ССБ матбуот хизмати.

12 апрель куни, кечки соат 22 лар атрофида Бухоро туман марказий шифохонасига қоринда оғриқ, кўнгил айниш, қусиш ва умумий ҳолсизликка шикоят қилиб беморлар мурожаат қила бошлаган. Анамнезда барча беморлар Бухоро тумани маркази, Гала Осиё шаҳрида жойлашган “Оқшом” тўйхонасида овқат истеъмол қилиш натижасида ушбу шикоятлар келиб чиққанини билдиришган.

Зудлик билан ўтказилган кўрик натижасида барча беморларга “Ўткир диарея, Гастритик ва гастроэнтеритик шакли, ўрта оғирликда кечиши. Овқатдан заҳарланиш?” ташхиси қўйилган ва тегишли инфузион терапия бошланган. Бухоро туман марказий шифохонасига кеч соат 03.00 га қадар жами 16 нафар бемор шундан 4 нафар болалар, 12 нафар катта ёшдагилар мурожаат қилишган.

«Вобкент туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонага ҳам худди юқоридаги шикоятлар билан жами 37 нафар беморлар шундан 9 нафар бола ва 28 нафар катталар мурожаат қилди. Уларга ҳам “Ўткир диарея, Гастритик ва гастроэнтеритик шакли, ўрта оғирликда кечиши. Овқатдан заҳарланиш?” ташхиси қўйилган. Дори – дармон воситалари етарли миқдорда таъминланди», – дейилади хабарда.

13 апрель эрталаб соат 09.00 ҳолатида Бухоро туманида даволанаётган 11 нафар бемор ва Вобкент туманидан даволанаётган 32 нафар беморларнинг аҳволи яхшиланиб, қониқарли аҳволда уйига жавоб берилган.

Кун давомида қолган беморлар ҳам аҳволи яхшилангач уйига жавоб берилади. Тиббиёт бригадалари томонидан тўйда қатнашган меҳмонлар аҳволи ҳудудлар кесимида назоратга олинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.