Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларида яширин ерости йўллари аниқланди
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Хонобод шаҳрининг “А.Навоий” МФЙ ҳудудини Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи билан боғловчи 2 та яширин ерости йўли аниқланган. Улар орқали товар-моддий бойликларни Ўзбекистонга олиб ўтиш билан шуғулланган Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидан иборат трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек куйилган.
Хабарга кўра, “Қирғизистон фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга 16 та қопда жами 813 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, мамлакатдан эса 1 кг. 745 гр. олтин ёмбилари ва заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган”.
Тезкор тадбир давом эттирилганида унинг Андижон шаҳридаги бошқа шериклари ҳам аниқланиб, уларга тегишли 10 та манзил кўздан кечирилган ва мазкур ерости йўлаклари орқали олиб ўтилган мобил телефон аппаратлари, планшет, ноутбук ва уларнинг аксессуарлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Гуруҳ аъзоларидан киймати 11 млрд. сўмни ташкил қилувчи жами 3813 дона турли мобил телефон аппаратлари, 50 дона планшет, 97 дона ноутбук ва 1000 донадан ортиқ аксессуарлар, шунингдек 1 кг. 745 гр. олтин ёмби ва заргарлик буюмлари олинган.
«Ҳар икки ер ости йўли 20 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, кенглиги 70-80 см, баландлиги 170-180 см. Биринчисининг узунлиги 350 метрни, иккинчисиники эса 135 метрни ташкил қилади», – дейилади хабарда.
Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар