CPJ Қорақалпоғистон журналистлари бўйича чиқарилган ҳукмларни бекор қилишга чақирди
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон расмийларини қорақалпоғистонлик журналистлар Есимкан Қанаатов ва Абдималик Хўжаназаровга нисбатан чиқарилган ҳукмларни бекор қилишга чақирди. Бу ҳақда халқаро ноҳукумат ташкилоти ўз Twitter саҳифасида маълум қилган, деб ёзади «Газета» нашри.
17 март куни Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон судининг судьяси Даулетбай Разов раислигидаги суд ҳукмига кўра, журналистлар Жиноят кодексининг 244-модданинг 3-қисми (Қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган бошқа нарсаларни ишлатиб ёхуд ишлатиш билан қўрқитиб шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, қирғин солиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали содир этилган оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, шунингдек, оммавий тартибсизликларда фаол қатнашиш) ва 244-1-моддаси 3-қисмнинг «а», «д» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланиш) бўйича айбдор деб топилган.
«Ишонч» газетаси мухбири, ЎзАнинг собиқ журналисти Есимкан Қанаатов ва “Ел хызметинде” газетасининг бош муҳаррири Абдималик Хўжаназаровнинг ҳар бири 5 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Қанаатовнинг айтишича, у видеони хориж ОАВларига юборган, чунки вазият маҳаллий ОАВда ёритилмаган, бу эса президентни Қорақалпоғистондаги вазиятдан бехабар қолдириши мумкин эди. Абдималик Хўжаназаров эълон қилинган мақолаларида “яширин айирмачилик ғояси”ни сезмаганини таъкидлади.
Суд ҳукми чиқишидан бир кун аввал Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси расмийлар Нукус воқеалари бўйича суд жараёнларида оммавий ахборот воситаларининг иштирок этишига рухсат берганини таъкидлади. Шу билан бирга, CPJ судланувчиларнинг иши бўйича маълумотлар жуда чекланганлигини ва расмийлар айбланувчиларнинг қариндошларидан ҳужжатларни оммавий ахборот воситаларига бермасликни ва журналистлар ёки ҳуқуқ ҳимоячилари билан алоқа қилмасликни талаб қилганини таъкидлайди.
Қўмита Ўзбекистон расмийлари матбуот ходимларини ўз фаолияти учун жавобгарликка тортилмасликни таъминлаши кераклигини таъкидлаган.
Қанаатов маданий ва атроф-муҳитга оид мавзуларда ёзган бўлса, Хўжаназаров маҳаллий ижтимоий мавзуларда ёзган, бу ҳақда уларнинг ишларидан хабардор одамлар CPJ га хабар беришган.
Шарҳлар