ДХХ киберхавфсизлик билан шуғулланади

Источник: unsplash.com

Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам маъқулланди. Хусусан, қонун билан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланиб, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонун 8 та боб ва 40 та моддадан иборат бўлиб, уларда Қонуннинг мақсади, вазифалари, асосий тушунчалар, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашишнинг принциплари, йўналишлари, усуллари, масъул давлат органи ва унинг ваколатлари, киберхавфсизлик ҳодисалари бўйича чоралар кўриш ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари назарда тутилмоқда.

«Қонуннинг мақсади мамлакатимизда киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унинг асосий вазифалари кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳисобланади», – дейилади Сенат хабарида.

Қонунда кибержиноятчилик, кибертаҳдид, киберхавфсизлик, киберҳимоя ва киберҳужум каби тушунчалар қўлланиб, киберхавфсизликни таъминлашнинг асосий принциплари ва бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда. Бундан ташқари, Қонун давлат органлари ва ташкилотларининг киберхавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини  назарда тутади.  Шу билан бирга, Қонун билан киберхавфсизлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан мажбурий тартибда ёки киберхавфсизлик субъектларининг ташаббусига кўра амалга оширилиши белгилаб берилмоқда.

Қонунда кибержиноятчилик ҳодисаларини текшириш, чоралар кўриш, содир бўлган ҳодисалар тўғрисидаги ахборотни ошкор қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонун кучга кириши учун уни мамлакат президенти имзолаши лозим.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.