ДХХ ва Бош прокуратурага бугун лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганиш топширилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, ҳокимлар, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари уйма-уй юриб, аҳолидан хабар олишлари кераклиги кўрсатиб ўтилди. Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Саховат ва кўмак” жамғармасидан ёлғиз қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга иссиқ кийим, озиқ-овқат тарқатиш, энг оғир ҳолларда уларни шароити бор жойларга жойлаштириш, маҳаллаларда иссиқ овқат тарқатиш пунктларини ташкил этиш топширилди.

Ҳар бир деҳқон бозорида шароитларни яхшилаш ва нарх-наво тартибга солиш, йирик корхоналар, ижтимоий объектлар раҳбарлари ходимларини уюшган ҳолда ишга олиб келишга автобус қатновларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Ёнғинни олдини олиш бўйича амалий ва тушунтириш ишларини кучайтириш, хонадонма-хонадон иситиш воситаларидан тўғри фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди.

Автомобилга газ қуйиш шохобчаларида давом этаётган ўғирликларга барҳам бериш шартлиги таъкидланди.

Мисол учун, ўтган ҳафтада биргина Вобкент тумани ва Бухоро шаҳридаги 3 та шохобчада 26 миллион кубметр (26 миллиард сўмлик) газдан яширинча фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Ушбу газ ҳажми билан 44 минг хонадонни ёки битта катта туман аҳолисини 1 ой газ билан таъминлаш мумкин эди.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Валиевга шу масалада тартиб ўрнатиш топширилди.

Умуман, Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага бугун лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортиш топширилди.

Йиғилиш якунида тегишли мутасаддилар ва ҳудудлар ҳокимлари ҳисобот берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.