«Док-1 Макс» препаратининг дистрибьютори 50 номдаги дориларни сотишга рухсат беришни сўрамоқда

Фото: mail.ru

“Док-1 Макс” сиропини ишлаб чиқарувчиларнинг мамлакатдаги вакили — Quramax Medical МЧЖ вакиллари ишлаб чиқарувчининг дорихоналарда қолаётган бошқа дорилари сотилишига рухсат сўрамоқда, деб ёзади «Дарё» нашри.

Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ва унинг Ўзбекистондаги расмий вакили Quramax Medical МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси 2022 йилнинг 30 декабрдан бошлаб вақтинча тўхтатилганди.

“Док-1 Макс” бўйича суднинг 6 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ҳиндистонлик судланувчининг адвокати Даврон Аҳмадов Ўзбекистондаги дорихоналарда ишлаб чиқарувчиларнинг 50 турдан ортиқ, қиймати 28 миллиард сўмлик дорилари борлигини ва уларнинг сифатсизлигини, соғлиқ учун зарарли эканини тасдиқловчи фактлар йўқлигини маълум қилган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги МЧЖнинг барча дорилари сифатсиз, соғлиқ учун зарарли, уларни йўқ қилиш керак деган даъво билан судга мурожаат қилганди. Дастлабки инстанция ушбу талабни қондириб, ҳиндистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг нафақат “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларини, балки барча дориларини йўқ қилиш ҳақида қарор чиқарди. Бироқ фармкомпания бунга эътироз билдириб, аппеляция тартибида суд қарорига нисбатан шикоят қилган.

Адвокатнинг маълумотларига кўра, Апелляция суди биринчи инстанция судининг қарорини маъқуллаган. Фармкомпания кассация тартибида шикоят тақдим этган.

«Судда масъулларнинг фақатгина “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларининг истеъмол учун яроқсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлари борлигини, бошқа дориларнинг сифатсизлигини, истеъмол учун яроқсизлигини исботловчи ҳужжатлар йўқлигини билдирдик. Суд буни инобатга олиб, ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа дорилари сотилишига рухсат берди», – дейди Ахмадов.

Аммо вазирлик Quramax Medical МЧЖнинг гувоҳномаси йўқлигини кўрсатиб, Ўзбекистондаги мавжуд дорихоналарда қолаётган 50 турдан ортиқ, қиймати 28 миллиард сўм бўлган дорилар сотилишига рухсат бермаяпти. Адвокатнинг қўшимча қилишича, унинг адвокатлик сўровларига вазир ўринбосари Элмира Боситхонова рад жавобини бермоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.