Дзюдо бўйича Олимпиада ўйинларининг совриндори уч йилга дисквалификация қилинди
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг аъзоси, Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори ва Осиё ўйинлари ғолиби бўлган Диёрбек Ўрозбоевдан олинган допинг-тестда тақиқланган модда аниқланган. Бу ҳақда Миллий антидопинг агентлиги хабар беради.
Текширув натижасида, спортчи Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлиги ҳисобланадиган Meldonium тақиқланган моддасини истеъмол қилгани аниқланган.
Натижада, Ўрозбоев 3 йил муддатга дисквалификация қилинган. Дисквалификация 2021 йил 16 августдан 2024 йил 15 августга қадар белгиланди.
Дзюдочи дисквалификация муддати тугаганга қадар, Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида белгилаб қўйилганидек, халқаро ва миллий тоифадаги мусобақаларда иштирок этиши тақиқланади.
Шарҳлар