Ўзбекистонда электр энергиясини етказиб беришга чекловлар жорий этилди
Ўзбекистонда жала ёмғирлари ва шамол сабабли, шунингдек, кутилмаган аварияларнинг олдини олиш мақсадида 150 МВт гача электр энергиясини етказиб беришга чекловлар жорий этилди, дея маълум қилади Энергетика вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари Хасан Тошхўжаев.
Сешанба куни электр станциялари 234,5 млн кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқарган. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 50,8 млн кубометр табиий газ, 19,2 минг тонна кўмир ва 1,6 минг тонна мазут ёқилган. Бундан ташқари, Туркманистондан 16,2 млн кВт.соат электр энергияси импорт қилинган.
Республика бўйлаб истеъмолчиларга 218,9 млн кВт.соат электр энергияси етказиб берилган, табиий газ истеъмоли эса 148,8 млн кубометрни ташкил этган.
Сешанба куни жала ёмғирлари ва кучли шамол туфайли мамлакат бўйлаб 12 та электр қурилмаси ва 3 та газ таъминоти носозликлари бартараф этилган.
Олдинроқ, Фарғона вилоятида кучли ёмғир ва шамол сабабли 6-10 кВ кучланишдаги 11 та электр узатиш линияси ишдан чиққани ҳақида ёзган эдик. Натижада Бешариқ, Данғара ва Ўзбекистон туманларидаги 7 500 истеъмолчи ва майда саноат корхоналари электр таъминотидан узилган. Ҳозирда носозликлар махсус бригадалар томонидан бартараф этилмоқда.
Шарҳлар