Наманганда учта электр станцияси қурилиши бошланди
25 март куни Наманган вилоятида янги электр станциялари қурилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур йирик энергетика лойиҳалари қурилишини бошлаб берди.
Бугунги кунда Наманганда жами 913 мегаватт генерация қуввати мавжуд. Сўнгги уч йилда электр истеъмоли 24 фоизга ўсганлиги боис вилоятда жами қиймати 1,1 миллиард доллар, қуввати 1 минг 228 мегаватт бўлган учта мажмуа лойиҳалаштирилган. Булар гидроэлектр станциялар каскади ҳамда иккита қуёш электр станцияси саналади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ 434 миллион доллар эвазига Уйчи тумани, Норин дарёсида 228 мегаваттли 6 та “ГЭС каскади”ни барпо қилади. Бунинг натижасида йилига 1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, 310 миллион метр куб газ иқтисод қилинади, 430 минг хонадонга электр узатилади. Бу станцияларда 133 киши, қурилиш даврида эса 4 минг одам ишлаши режалаштирилган.
Поп туманида Германиянинг “Hyper Partners GmbH” компанияси томонидан қуёш электр станцияси ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг “Tepelen Group Holding Limited” компанияси билан ҳамкорликда қуёш электр станцияси қурилади. Мазкур лойиҳаларнинг қиймати 350 миллион доллар, қуввати 500 мегаватт бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард 95 миллион киловатт-соатни ташкил этади. Ушбу станцияларни шу йил якунига қадар тармоққа улаш кўзда тутилган. Уларда 120 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Шарҳлар