Eltuz нашри Комил Алламжоновдан узр сўради

Источник: fb.com/k.allamjonov

Eltuz нашри Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Васийлик кенгаши раҳбари Комил Алламжоновдан мамлакатга 4,2 миллион долларлик олмосларни ноқонуний олиб киришга алоқадорлиги ҳақидаги мақолани эълон қилгани учун узр сўради ва мақолани олиб ташлади. Бу ҳақда нашр сайтида маълум қилинди, деб ёзади “Медиазона”.

Таҳририят мақоланинг ўз веб-сайтидан ва ижтимоий тармоқлардан олиб ташланишини унда келтирилган маълумотлар “тўлиқ тасдиқланмагани” билан изоҳлади. Eltuz бу ҳақда материални қайта чоп этган “Узметроном” веб-сайти ва “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотини ҳам хабардор қилган.

“Таҳририят Комил Алламжоновдан обрўсига етказилган зарар учун узр сўрайди ва Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларида муваффақиятлар тилайди. Таҳририят Германия қонунчилигига кўра суд томонидан қўйилиши мумкин бўлган жаримани тўлашга тайёр”, — дея тушунтиради нашр.

Шунингдек хабарда айтилишича, мақолада кимнидир обрўсизлантириш ёки туҳмат қилишга уринилмаган.

Февраль ойида Eltuz сайтида амалдор Комил Алламжонов Ўзбекистонга декларациясиз 4,2 миллион долларлик олмос олиб киришга алоқадорлиги ҳақидаги материал чоп этилган эди. Ушбу мақола Uzmetronom.com  сайтида ҳам “Олмос бола” сарлавҳаси остида қайта чоп этилган.

Апрель ойида Комил Алламжонов Телеграмдаги каналида Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежковни олмослар ҳақидаги мақолани қайта чоп этгани учун судга берганини маълум қилган эди. ОАВ фонд раҳбарининг сўзларига кўра, агар Ежков далил келтирмаса, унга туҳмат бўйича жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

19 июнь куни Uzmetronom.com сайтида “Асл манба орқага қайтди” сарлавҳали мақолада Ежковга нисбатан аллақачон туҳмат бўйича жиноий иш қўзғатилгани, Eltuz бош муҳаррири Қудрат Бобожонов эса мақолада тасвирланган воқеаларнинг далиллари ҳақида маълумот бера олмагани айтилади. Ежков “Олмос бола” мақоласининг сайтдан олиб ташланганини шу билан изоҳлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.