ЕТТБ Ўзбекистонда иқтисодиётнинг тез тикланишини тасдиқлади

2021 йилда 6,8 фоизлик ўсиш хусусий истеъмол ва инфратузилмага инвестицияларнинг кўпайиши ҳисобига таъминланади. Ушбу тикланиш тезлиги Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётга айлантиради, дейилади Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) бугун эълон қилинган “Минтақавий иқтисодиёт истиқболлари” ҳисоботида.

Банк прогнозларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2021 йилда 6,8 фоизга, 2022 йилда эса 6,0 фоизга ўсади.

Ушбу ўсиш хусусий истеъмол ва пул ўтказмаларининг кўпайиши ҳамда инфратузилмага инвестицияларнинг кўпайиши ҳисобига таъминланади, уларнинг аксарияти ташқи қарзлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Прогноз Covid-19 билан боғлиқ ноаниқликлар, халқаро туризмнинг потенциал қайта тикланиши ва Марказий Осиёдаги геосиёсий вазият туфайли яна қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Ҳисоботга кўра, хизмат кўрсатиш соҳаси ўтган йилга нисбатан 19,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 9 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4,2 фоизга ўсган. 2021-йилнинг дастлабки саккиз ойида Россиядан пул ўтказмалари доллар ҳисобида ўтган йилга нисбатан 35 фоизга ошди. Кредит ўсиши 2021 йил июн ойида реал кўринишда 22 фоизга тезлашди, бу ўтган йилгига нисбатан 12 фоизга кўп, бу иқтисодий фаолликнинг кучайишини акс эттиради. Инфляция 2020-йил декабрдаги 11,1 фоиздан 2021-йил октабрь ҳолатига кўра 10,8 фоизгача пасайди.

Умуман олганда, ЕТТБ 2021 йилда ўз ҳудудларини ривожланиш прогнозини 5,5 фоизгача оширди.

Биринчи ярим йилликнинг яхши натижалари бўйича июнь ойидаги прогнозини 1,3% га қайта кўриб чиқишга қарамай, банк келажакдаги таҳдидлар ҳақида огоҳлантирмоқда.

Хомашё ва энергия ташувчилар нархларининг юқорилиги, меҳнат бозорларининг ёмонлашуви, таъминот занжири узилишлари ва  маҳаллий валюталарнинг заифлашиши ЕТТБ фаолият юритаётган бир қанча мамлакатларда ҳатто ковид билан касаллар сонининг охирги ўсишигача ҳам инфляция тўлқинларини кучайтирди.

2021-йил сентабрь ойида ЕТТБ минтақаларида инфляция даражаси 2019-йил якуни бўйича ўз даражасидан ўртача 3 фоизга ошди. Инфляцияга қарши курашиш учун ЕТТБ минтақаларидаги айрим марказий банклар асосий фоиз ставкаларини оширдилар.

ЕТТБ фаолият юритаётган айрим мамлакатларда меҳнат бозорининг ёмонлашуви инфляция босимини кучайтирди, бунда паст ва ўрта малакали ишчилар бўш иш ўринларини эгаллаган. Бошқа жойларда меҳнат бозорлари сезиларли сустликни бошдан кечиришда давом этмоқда. 2020-йилнинг февраль-август ойлари орасида ишсизлик даражаси ўртача 1,4 фоизга ошди, ишчи кучи иштироки даражаси эса ўртача 0,5 фоизга камайди.

ЕТТБ бош иқтисодчиси Беата Яворчик шундай баёнот берди: “Иқтисодий тикланиш жараёнлари ширин ва нордон таъмга эга. Биринчи ярим йилликда иқтисодиётни тиклаш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Аммо бугунги кунда хавотирланиш учун кўпроқ сабаблар мавжуд. Товар товарлари нархининг юқорилиги экспортчиларни қувонтираётганига қарамай, бу нархлар импорт қилувчиларнинг ташқи савдо баланслари билан боғлиқ вазиятни анча оғирлаштиради. Қиш мавсумига кирганимиздан сўнг, арзон энергия манбалари билан таъминлаш, айниқса, мамлакатлар ҳукуматларининг чекланган мустаҳкамлик заҳираси билан боғлиқ ҳолда бизни жиддий ташвишга солди”.

COVID-19 инқирозини енгиш учун йирик иқтисодий рағбатлантириш пакетларини олгандан сўнг, ЕТТБ минтақаларининг давлат қарзи 2019-йил охиридан бошлаб ЯИМга нисбатан ўртача 13 фоизга ошди. Кўпгина мамлакатларда қарз олиш қиймати инқирозгача бўлган даражадан паст бўлса-да, баъзи мамлакатларда у кескин ошди.

2021-йилнинг биринчи ярмида ЕТТБ минтақалари ўз иқтисодиётлари тикланиш суръатларининг тезлашишини кўрсатди; ишлаб чиқариш ҳажми йиллик ҳисобда 6,4 фоизга ошди. Ушбу ҳудудларда капиталнинг ҳаракатчанлиги кўрсаткичлари дунёнинг бошқа қисмларига қараганда тезроқ тикланди, ишлаб чиқариш ва чакана савдо соҳаларида тикланиш кузатилди. Таъминот занжирлари ишидаги вақтинчалик узилишларга қарамай, товар ва хизматлар экспорти ҳажми ошди. 2021 йилнинг иккинчи чорагида ҳам пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши кузатилди, айрим ҳолларда 2019 йилдаги кўрсаткичлардан ошиб кетди. Сайёҳлик оқими кутилганидан ошиб кетди, бироқ ЕТТБ фаолият юритаётган аксарият мамлакатларда 2019 йил даражасидан анча паст бўлиб қолди.

Иқтисодиётлар тикланиш даражасига кўра, ЕТТБ минтақаларида ўсиш 2022-йилда 3,8 фоизда мўтадил бўлиши кутилмоқда, бу 2021-йил июнь ойида кутилганидан 0,1 фоизга паст. Шу билан бирга, келажакда COVID-19 билан боғлиқ таваккалар таъсирининг омили туфайли прогнозлар ташқи иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли ва ташқи иқтисодий конъюнктурнинг ёмонлашуви ҳамда  уларнинг савдо ҳамкорлари мамлакатларидаги иқтисодий  суръатининг секинлашиши билан боғлиқ хавфларнинг таъсир қилиш омили туфайли юқори даражадаги ноаниқлик билан хусусиятланади.

Ҳисобот муаллифлари огоҳлантирганидек, иқтисодиётлари ривожланган мамлакатларда инфляция ҳақида кенг тарқалган хавотир ҳукумат сиёсатининг кескинлашувига олиб келиши мумкин, бу эса қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини оширади. Ҳаракат эркинлигидаги чекловлар ва Covid-19 олдидидаги қўрқув сайёҳлик саноати истиқболларига таъсир қилишда давом этмоқда. Гарчи банкротлик тўлқини ҳозирча ушлаб туришга эришилган бўлса-да, ҳукумат ёрдами камайиши билан янги заиф нуқталар пайдо бўлиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.