ЕТТБ Ўзбекистоннинг тўртта банкига 210 миллион долларлик лимит тақдим этади

Источник: ЕБРР

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Ўзбекистоннинг тўртта маҳаллий банк ўртасидаги савдони молиялаштириш тўғрисидаги битим хусусий маҳаллий бизнес, жумладан, кичик ва ўрта корхоналарга (КЎБ) зарур товарлар, хизматлар ва ускуналарни импорт қилиш ҳамда ўз маҳсулотларини экспорт қилиш имконини беради. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига банк матбуот хизмати хабар қилди.

Савдони ривожлантиришга кўмаклашиш дастури (СРКД) доирасида тўртта маҳаллий банк учун 210 миллион АҚШ доллари миқдоридаги янги доимий лимитлар ўзбекистонлик импортер ва экспортчиларга Украинадаги вазият ҳамда унинг Россия ва Марказий Осиёга таъсири туфайли савдо ва маҳсулот етказиб беришдаги узилишларни енгишда кўмаклашади.

СРКД доирасида “Асакабанк” учун 60 миллион доллар, “Ипотека банк” учун 30 миллион доллар, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки (ЎзМБ) учун 40 миллион доллар ва “Ўзсаноатқурилишбанк” (ЎзСҚБ) учун 80 миллион доллар миқдоридаги янги доимий лимитлар Ўзбекистон корхоналарига товар-моддий бойликларни яхшироқ бошқариш ва узоқ муддатли савдо даврларини режалаштириш имконини беради.

Ўзбекистондаги энг йирик тўртта молия институтининг бутун мамлакат бўйлаб 170 дан ортиқ филиаллари мавжуд бўлиб, минглаб хусусий тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатади. Улар маҳаллий фирмаларнинг ташқи савдо фаолиятини рағбатлантириш ва муҳим импорт ва экспортни қўллаб-қувватлаш учун яхши мавқега эга.

ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо: “Ушбу нотинч вақтларда савдонинг аҳамияти ниҳоятда ошди. Биз ҳамкор банкларимиз учун бутун мамлакат бўйлаб бизнесни қамраб оладиган янги доимий лимитлар очиш орқали ўзбек импортчи ва экспортчиларини қўллаб-қувватлаймиз”,- деб айтди.

СРКД банк фаолият юритаётган мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда халқаро савдони ривожлантириш ва улардан экспорт қилишга кўмаклашади. СРКД орқали ЕТТБ халқаро тасдиқловчи банкларга ушбу мамлакатлардаги банклар томонидан амалга ошириладиган халқаро савдо операцияларининг сиёсий ва тижорат тўлов таваккалчилигини ўз зиммасига олган ҳолда кафолатлар беради.

СРКД, шунингдек, хусусий импорчилар ва экспортчилар, жумладан, кичик бизнес учун молиядан фойдаланиш имкониятини беради. Бу маҳаллий молия институтларининг савдони молиялаштириш соҳасидаги салоҳиятини, уларнинг мувофиқлигини кучайтиради ва уларнинг ходимларида савдони молиялаштириш бўйича илғор кўникмаларни ривожлантиришга кўмаклашади.

СРКД ҳозирда Ўзбекистондаги еттита маҳаллий банк билан ўзларининг хусусий корпоратив мижозларига, жумладан, КЎБ корхоналарига халқаро савдо қилиш имкониятини бериш учун ҳамкорлик қилмоқда. 2017-йилда Ўзбекистонда фаолият қайта тикланганидан буён СРКД доирасида умумий қиймати 700 миллион евродан ортиқ бўлган 1000 га яқин савдо амалиётлари амалга оширилди. Биргина 2021 йилда СРКД умумий қиймати 210 миллион евро бўлган 356 та транзакцияни қўллаб-қувватлади ва бу Ўзбекистонни дастур амал қилаётган 29 давлат орасида энг фаол иштирокчига айлантирди.

Бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистонда 106 та лойиҳага 2,85 миллиард евродан ортиқ сармоя киритган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.