Европада энергия инқирози жиддийлашмоқда: Уруш шароитида Европа янги қиш мавсумига тайёрми?
2024/2025 йилги қиш мавсуми арафасида Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага қилган босқинидан сўнг сўнгги уч йил ичида энг паст газ захираларига эга ҳолда янги мавсумга қадам қўймоқда. Кузнинг совуқ келиши Европани яна бир бор энергетик инқирозга дуч келтириб, аҳолининг иқтисодий аҳволини қийинлаштирмоқда, саноат корхоналари зарар кўрмоқда, давлат бюджети бўшамоқда ва сиёсий вазият мураккаблашмоқда. Бу ҳақида BBC нашри хабар бермоқда.
Европа бу йилги қиш мавсумига аввалдан тайёргарлик кўрган эди: август охирида газ омборлари 90% га тўлдирилди ва 100 миллиард куб метр газ захираланди. Бу ҳажм йиллик истеъмолнинг учдан бир қисмини ташкил этади. Аммо кузнинг совуқ келиши туфайли ноябрь ойидаёқ газ истеъмоли ошиб, омборлардан газ олиниши сўнгги 15 йилдаги энг юқори даражага етди. Декабр бошида газ омборлари 86% га тўлдирилган, бу эса ўтган йилги 96% ва ундан олдинги 93% га нисбатан анча паст кўрсаткичдир.
Газ уруши ва унинг оқибатлари
Таҳлилчилар бу йилги қишда газ тақчиллиги бўлмаслигини таъкидлашса-да, келгуси йилга қийинчиликлар қолади. Ёзги даврда газга бўлган талабнинг пасайиши сабаб нархлар тушади, аммо янги мавсум учун омборларни тўлдириш қимматга тушиши мумкин. Айниқса, Осиёдаги тез ўсаётган иқтисодиётлар, жумладан, Хитой ҳам Европа билан бир қаторда суюқ газга бўлган талабни оширмоқда.
Европа Россия газидан тобора узоқлашмоқда ва суюқ газга кўпроқ эътибор қаратмоқда. АҚШдан импорт қилинган суюқ газ Россиядан қувур орқали етказиб бериладиган газнинг ўрнини тўлдирмоқда. Шунга қарамай, энергия нархларининг ошиши Европа иқтисодиёти рақобатбардошлигини пасайтирмоқда. Европада газ нархлари АҚШга нисбатан беш баробар қиммат бўлиб, бу саноатнинг қисқаришига ва баъзи компанияларнинг ёпилишига олиб келмоқда.
Масалан, Германияда йирик корхоналар, жумладан, Volkswagen ва Форд заводларини ёпишни режалаштирмоқда, бу эса иқтисодий ва сиёсий беқарорликни янада кучайтиради.
Келажакка умидлар ва синовлар
Европа бу йил электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланадиган энергия манбаларини сезиларли даражада оширди. Қуёш ва шамол энергияси илк бор кўмир, нефт ва газдан ортиқ электр ишлаб чиқарди. Шунга қарамай, қаттиқ совуқ даврларида шамол қуввати камайгани учун газли электр станцияларга бўлган эҳтиёж юқорилигича қолмоқда.
Келгуси йилда АҚШ ва Қатар каби йирик газ етказиб берувчилар янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириши кутилмоқда. Бу эса бозорда газ таклифини ошириб, нархларни пасайтириши мумкин.
Ҳозирги савол шундаки, Европа компаниялари ва сиёсий раҳбарлари ушбу қийин даврни қандай енгиб ўтади?
Шарҳлар