Фарғона шаҳри ва Бағдод туманига янги ҳокимлар тайинланди
24 январь куни Фарғона шаҳар Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Фарғона вилоятининг Бағдод тумани ҳокими Восилжон Назаров Фарғона шаҳрига ҳокими лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.
Восилжон Назаров 1984 йил Бувайда туманида туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2006 йилдан молия тизимида меҳнат қилиб келган, 2019−2021йилларда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган. 2021 йилдан буён эса Бағдод тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётганди.
Фарғона шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб келган Мирзоҳид Убайдуллаев эса Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари – Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори лавозимига тайинланди.
Шу куни халқ депутатлари Бағдод туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Юсуфжон Хусаиновнинг номзоди Бағдод тумани ҳокимлигига тавсия этилган. Депутатлар вилоят ҳокимининг ушбу таклифини бир овоздан маъқуллашган.
Юсуфжон Хусаинов эса 1983 йилда Тошлоқ туманида туғилган. 2004 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2020 йилдан буён вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.
Шарҳлар