Bo'limsiz

Фарғона Солиқчилари тамаки контрабандаси бўйича йил бошидан ҳозиргача 263 млн сўмдан ортиқ жарима қўллашган

Фото: Anhor.uz

“Қўқон шаҳридаги майда савдогарлар, автобекатлардаги дўконларда савдо қилувчи савдогарлар билан тамаки маҳсулотлари ҳариди учун берилиши лозим бўлган битта ҳарид чеки ортидан “Муштлашувга” боришимизга ҳам сал қолди.”

Anhor.uz интернет нашри тамаки ва алкагол маҳсулотларининг контрабандасига қарши курашишга қаратилган қатор материалларни тайёрлаб ўз ўқувчилари ва назорат қилувчи органлар эътиборига тақдим этиб келмоқда.

Бу эса, назорат органлари, Олий мажлис қонунчилик палаталари ва жамоатчилик назорати кучайишига такрор ва такрор чорлов бўлмоқда.

Май ойида Ўзбекистон Президенти «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни имзолади. Бунда, 26 август санасидан, тамаки маҳсулотлари, тамаки ва никотин истеъмол қилиш воситаларига қўйиладиган қадоқлаш ва маркалаш, шунингдек, уларнинг муомаласига қўйиладиган талабларга оид қоидалари эса тўққиз ойдан кейин кучга кириши белгиланди.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 25 октабрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 27 декабрда маъқулланган. У 2011 йилда қабул қилинган амалдаги қонун ва «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонун ўрнини эгаллайди. Қонун узоқ вақт муҳокама қилинди ва иккинчи ўқишда қабул қилинди. Ўтган йилнинг июнь ойида Сенат қонун нормалари зиддияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти етарлича ўрганилмагани, шунингдек, «Реклама тўғрисида»ги янги қонунга мос келмаслигини кўрсатиб, ҳужжатни рад этган эди.

Ушбу Қонунга киритилган асосий ўзгаришлардан бири бу, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, шунингдек, тамаки ва никотинни истеъмол қилиш учун воситаларини 21 ёшга тўлмаган шахсларга, 21 ёшга тўлмаган шахслар томонидан сотишни тақиқлайди. Амалдаги қонун 20 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотишни тақиқлаши кўпчиликка аён. Шунингдек, сотувчилар 21 ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотишни рад этиши шартлиги кўрсатилган.

Бундан кўринадики, қонунчиликдаги ўзгаришлар ушбу соҳада ҳам сезилмоқда. Бироқ, тамаки маҳсулотларининг контрабандасига қарши курашиш ишлари ҳамон сустлигича қолмоқда.

Журналистимизнинг навбатдаги манзили Фарғона вилояти. Вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги катта бозорлар, савдо шахобчалари ва майда савдо расталари бўлди.

Қўқон шаҳридаги “Қўқон Музаффар савдо” озиқ-овқат ва аралаш моллар савдо маркази. Ушбу бозор шаҳарга туташ туманларга катта ҳажмдаги турли маҳсулотларни етказиб берувчи улгуржи савдо маскани ҳисобланади.

Бу ерда, киравериш дарвозадан чап тарафда 3 та ва ўнг тараф 3 – блок ўрта қисмида 1 та дўконларда қонун ҳужжатларида контрабанда деб малакаланувчи қатор турдаги тамаки маҳсулотлари эркин савдо қилаётганлиги журналистимизнинг вилоятга қилган сафарида аниқланган. Сиз ушбу тасвирларда кўриб турган жойлар айнан ушбу савдо марказидан тасвирга туширилган. Шунингдек, Фарғона, Марғилон шаҳарлари ва Бешариқ тумани ҳудудларидаги бозорларда ҳам контрабанда тамаки сотувчи савдо нуқталари аниқланган. Вилоят ва туман, шаҳар Солиқ идоралари томонидан контрабанда ва контрафактни аниқлаш, жаримага тортиш борасида қандай ишлар қилиняпти? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида Фарғона вилояти Солиқ бошқармасига Ахборот сўрови юбордик. Ўрганишларимиздан сўнг, улар бизга қуйидаги жавобларни йўллашди.

“Фарғона вилояти солиқ бошқармаси ҳамда ҳудудий солиқ инспекциялари томонидан 2023-йил ўтган даври мобайнида давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний тартибда фаолият олиб борган 27 та фуқаролар томонидан контрабанда ва контрафакт (тамаки) маҳсулотларини аҳолига сотиш фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, ушбу фуқароларга белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, умумий қиймати 10 500 000 сўмлик тамаки маҳсулотлари суд татибида қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинчалик сақлаш учун олинган ҳамда қонун талабларини бузган фуқароларга нисбатан жами 27 000 000 сўм миқдордаги молиявий жарималар қўлланилган.

Бундан ташқари тегишли ҳужжатлар асосида тамаки маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлган 4 та юридик шахсларнинг алкагол ва тамаки маҳсулотларини аҳолига белгиланган тартибда етказиб беришлари юзасидан сайёр солиқ текширувлари ўтказилиб, 4 та ҳолатда юридик шахслар томонидан солиқ кодексининг 227-моддаси талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланиб, қонун бузилишини содир этган юридик шахсларга нисбатан 120 200 000 сўм молиявий жарималар қўлланиганлигини маълум қиламиз”, – дейилади жавобда. (Ахборот сўрови тўлиқ матни билан қуйидаги фотоларда танишиш мумкин.)

Фарғона вилояти Солиқ бошқармасининг Ахборот сўровимизга жавоби.

Фарғона вилояти Солиқ бошқармасининг Ахборот сўровимизга жавоби.

Ўрганишлар давомида бозор ҳудудидаги дўконлардан тамаки маҳсулотлари ҳарид қилганимизда НКМ орқали бериладиган харид чекида тамаки эмас, балки, озиқ овқат, сут, нон маҳсулоти сотилганини кўрсатувчи чекни тақдим этишмоқда. Бу ҳолатлар эса солиқ сиёсатидаги қонун бузилиш ҳолатларини англатади.

Фарғона, Марғилон шаҳарлари, Бешариқ, Фурқат, Фарғона туманларидаги ўрганиш жараёнларида ҳам контрабанда сифатида малакаланувчи тамаки маҳсулотларини эркин сотиш холатлари аниқланди.

Айрим сотувчилардан, “Нега ушбу сигаретларнинг Акциз маркаси ва рақамли маркировкаси йўқ?” деб савол берсак, “Ишингиз нима, ёқса олинг, ёқмаса йўқ” деган жавобларни ҳам олдик.

Қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар, ўйлаймизки юқоридаги каби ҳолатларнинг камайишига ечим бўлади деган умиддамиз.

Сиёсий ирода: Давлат муаммонинг кўламини қачон англаб етади ва хал қилишни бошлайди?

Anhor.uz интернет нашри ўз ўрганишларини давом эттиради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.