Фарғонада божхоначилар 170 дан ортиқ телевизор ва 264 минг дона пиротехникани қўлга олишди
Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ДХХ ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Марғилон шаҳрида ҳамда “Водил-Қўқон” йўналишида навбатдаги тезкор тадбирларни ўтказишди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.
«Тезкор тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган фуқаро бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси ушбу шаҳар ҳудудидаги яшаш хонадонлардан бирига кириб хонадонидаги товарларни автомашинага ортаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатилди. Шундан сўнг, мазкур товарлар холислар иштирокида белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада, автотранспорт воситаси ва хонадон ҳовлисида умумий қиймати 170 миллион сўмлик 3 турдаги жами 171 дона телевизорлар четдан ноқонуний олиб кирилиб сақланаётганлиги аниқланди», – дейилади хабарда.
Навбатдаги тадбир давомида эса “Водил-Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро бошқарувидаги “Lacetti” русумли автотранспорт воситаси Қўқон шаҳри ҳудудида белгиланган тартибда тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилган.
«Натижада, автомашинанинг салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда четдан ноқонуний олиб кирилаётган дастлабки қиймати 31 миллион сўмлик жами 264 000 дона “Британик” номли пиротехника воситалари борлиги аниқланган», – дейди божхона бошқармаси матбуот хизмати.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар