Фарғонада газ ўчирилишига қарши норозилик уюштирган заводнинг 7 ишчиси ҳибсга олинди

Источник: УВД Ферганской области

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати вилоятдаги саноат корхоналаридан газ узиб қўйилиши оқибатида 10 минглаб аҳоли ишсиз қолаётгани, улар газ улаб берилишини сўраб, кўчага чиқишаётгани айтилган видеохабар юзасидан муносабат билдирди. Бу ҳақда «Газета» нашри Фарғона вилоят ИИБ матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.

29 ноябрь куни аҳолига табиий газни кўпроқ етказиб бериш мақсадида Ўзбекистон тумани «Шўрсув» МФЙда жойлашган Albus гипс ишлаб чиқарувчи заводи олдиндан тузулган шартнома шартларига биноан туман газ идораси томонидан газ қувуридан узилган.

6 декабрь куни заводнинг 20 нафар ишчилари юқоридаги ҳолатни нотўғри талқин қилиб, ўзбошимчалик билан жамоат тартибига қарши нозориликларни уюштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон туман ИИБ томонидан заводнинг жами 7 нафар ишчиcига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органига тақдим қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди 7 декабрь куни ҳуқуқбузарларнинг 1 нафарига 10 сутка, 6 нафарига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда «йиғилишлар, митинглар, кўчаларда юриш ёки намойишлар ўтказиш тартибини бузганлик» учун жавобгарлик мавжудлигига қарамай, бу тартиб қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Буни ўтган йили собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам тан олган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.