Фарғонада сифати кафолатланмаган дори воситалари қўлга олинди

Фото: Фарғона вилояти божхона бошқармаси

Сифати кафолатланмаган ҳамда контрафакт дори воситаларининг мамлакатимизга олиб кирилиши, сақланиши ҳамда яширин айланмасига божхона органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тизимли равишда қарши кураш олиб борилмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотлар асосида вилоят ДХХ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Н.Б. бошқарувидаги кобальт русумли автотранспорт воситаси Тошлоқ туманида жойлашган фуқаро яшаш хонадонидан чиқаётган вақтида тадбир иштирокчилари ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида автомашина салони ва юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз сифати кафолатланмаган 16 400 дона “Цефтриаксион” номли дори воситалари борлиги аниқланди.

Фото: Фарғона вилояти божхона бошқармаси

Шундан сўнг, мазкур хонадон тегишли тартибда кўздан кечирилганида хонадонда яна 8 000 дона “Цефтриаксион” номли дори воситалари борлиги маълум бўлди. Ушбу хонадон эгасининг Тошлоқ туманидаги яна бир хонадони ҳам кўздан кечирилганида бу ерда ҳам ҳеч қандай ҳужжатларсиз сифати кафолатланмаган 800 дона “Цефтриаксион” ва 40 000 дона “Кардиомагнил” номли дори воситалари борлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида дастлабки умумий қиймати 171 200 000 сўмлик 2 турдаги жами 65 200 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари ашёвий далил тариқасида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.