Фарғонадаги музейдан 70 та нодир асар ўғирланиб сохтасига алмаштирилган

Источник: Агентство культурного наследия

Умумий қиймати 2,5 миллиард сўмни ташкил қилувчи 70 та нодир экспонат (улардан 56 таси суратлар) сохта бўлиб чиқди. Ушбу жиноят Бош прокуратура томонидан Фарғона вилояти Давлат тарих ва маданият музейи текширилган пайтда фош қилинди. Бу ҳақда “Фергана” нашри ёзади.

«Газета.uz» нашрининг аниқлик киритишича, шунингдек, музейда сақланиши лозим бўлган 1 дона рангтасвир ва 1 дона графика асари ҳам топилмаган.

Бундан ташқари, музейни капитал таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган 3,1 млрд сўм маблағнинг 1,4 млрд сўми мансабдор шахслар томонидан талон-торож қилингани аниқланган.

Қайд этилишича, 2011 йилда музей томонидан Фарғона вилояти ИИБга жами 21 номдаги ашёлар берилган. Улардан 14 номдаги ашёлар 2016−2020 йиллар давомида музейга қайтарилган, аммо қолган 7 дона рангтасвир асари қайтарилмаган. Ҳозирги кунда Фарғона вилояти ИИБда ушбу 7 дона рангтасвир асари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.