Фарғонада боғчаларидаги болалар сони сунъий равишда оширилганмиди
Мактабгача таълим агентлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилишича, Фарғона вилоятида Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизими – BBIT.UZга киритилган маълумотлар таҳлили натижасига кўра, Бувайда, Ўзбекистон, Фарғона туманлари ва Марғилон, Фарғона, Қувасой шаҳарларидаги 24 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар сони 90 нафардан 890 нафаргача орттирилганлиги аниқланган.
Хабарга кўра, “Бувайда туманидаги 480 ўринли “Султонбоязид илк қадамлари” хусусий мактабгача таълим ташкилотида 890 нафар, 500 ўринли “Гулибону” хусусий ташкилотида 860 нафар, 510 ўринли “Турдийева Мумтоза Ботировна” хусусий ташкилотида 870 нафар болалар рўйхати киритилган ҳамда туман,шаҳар ва вилоят қамров кўрсаткичлари сунъий равишда кўпайтирилган”.
Шунингдек, 2023 йилнинг сўнггида Ўзбекистон туманида 60 ўринли 2 та гуруҳга мўлжалланган “Ладушки-сладушки” хусусий мактабгача таълим ташкилотига ҳамда 90 ўринли 3 та гуруҳга мўлжалланган “Гулзодахон” номли хусусий мактабгача таълим ташкилотларига берилган лицензиялар, my.gov.uz тизимида фаолияти тугатилганлигига қарамасдан қуввати сунъий равишда 300 тага оширилган ва болалар билан тўлдирилган.
Ҳозирда юқорида қайд этилган туман ва шаҳарларда хокимлар масъуллигида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар