Финляндия Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш учун БМТТДга 1,5 млн евро ажратмоқда

Источник: ПРООН

9 сентябрь куни Финляндиянинг Марказий Осиёдаги махсус топшириқлар бўйича элчиси  жаноб Илкка Райсанен ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска хоним БМТТД ва Ўзбекистон ҳукуматининг қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзоладилар. Бу ҳақда Anhor.uz сайтига БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати маълум қилади.

Ўзбекистонни қонун устуворлиги ва самарали бошқарувнинг барқарорлигини таъминлашда қўллаб-қувватлаш БМТТД учун устувор вазифалардан бири ҳисобланади, чунки бу БРМ ва 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги вазифаларни амалга ошириш учун стратегик шартдир.

«Эндиликда, “Янги Ўзбекистон” трансформатсиясининг дастлабки босқичида мамлакатимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож  ва заиф қатламлари ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш вақти келди. Уларнинг кўпинча турли сабабларга кўра ҳуқуқларини амалга оширишда тўсиқларга дуч келишлариниг сабаблари ҳуқуқий маданиятнинг пастлиги, ҳудудларнинг узоқлиги, юридик хизматларнинг юқори нархи ва бошқалар бўлиши мумкин», – дейилади БМТТД хабарида.

Матильда Димовска имзолаш маросимида таъкидлаганидек: “БМТТДда биз Ўзбекистон ҳукуматининг қонун устуворлигини, шунингдек, самарали ва инклюзив бошқарувни янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қатъий қарор қилдик, чунки бу ҳар қандай тараққиётнинг асосидир”.

БМТТДнинг Ўзбекистондаги 29 йиллик фаолияти давомида 10 дан ортиқ лойиҳалар орқали мамлакатда қонун устуворлигини илгари суришга доимо устувор аҳамият берилган. Миллий ҳамкорларнинг эътирофига кўра, ушбу лойиҳалар, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги мавқеини оширишда муҳим рол ўйнади. Масалан, Жаҳон одил суд лойиҳаси халқаро фуқаролик жамияти ташкилоти томонидан тузилган қонун устуворлиги индексида Ўзбекистон беш йил ичида 93-ўриндан 85-ўринга кўтарилиб 2021 йилда қонун устуворлигини энг сезиларли даражада яхшилаган мамлакат сифатида тан олинди.

Имзолаш маросимида мухтарам жаноб Илкка Раисанен қуйидагини таъкидлади: “Биз учун бутун Ўзбекистон бўйлаб барқарор ривожланишга эришиш йўлида минтақаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда БМТТД билан турли йўналишларда ҳамкорлигимиз кўлами ва миқёсини кенгайтириш муҳимдир”.

Финляндия ҳукуматининг ёрдами аҳолининг энг заиф қатламларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда одил судловдан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга қаратилади. Миллий ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқиладиган янги лойиҳа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари, адвокатлар ассотсиатсияси, юридик академик ҳамжамият ва бошқа манфаатдор томонларнинг кенг ва фаол иштирокида уч йил муддатда қуйидаги учта асосий устувор йўналишга эътибор қаратган ҳолда амалга оширилади:

  • бепул юридик ёрдам кўрсатиш марказларини қўллаб-қувватлаш ҳамда “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни жорий этиш орқали бирламчи ва иккинчи даражали бепул юридик ёрдам кўрсатишни кенгайтириш орқали аҳолининг энг ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
  • Омбудсман марказий аппарати ва ҳудудий вакилларининг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқларини илгари суриш, таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича салоҳиятини ривожлантириш;
  • фуқаролик жамиятининг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятини илгари суриш учун салоҳиятини кучайтириш.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.