Фирибгар устанинг ҳийласи фош бўлди

Фото: киберхавфсизлик

Тошкент шаҳри, Сирғали туманида яшовчи 68 ёшли (аёл) С.Д. ўзининг банк картасидаги 4.630.000 сўм пуллари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманида яшовчи 34 ёшли Т.А. содир этганлиги аниқланган.

«Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Т.А., жабрланувчи (аёл) С.Д.га ўзини дарвоза ясовчи уста сифатида таништириб, унга темир дарвоза ясаб беришини айтган ва бошланғич тўлов сифатида олдиндан 4.630.000 сўм пулларини ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олган. Сўнг у ваъдасини бажармасдан, ёзишмаларни ўчириб юборган», – дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.