Элчихона ходимидан пул ундирмоқчи бўлган шахс ушланди
4 апрель куни соат 16:15 да номаълум аёл Покистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси хавфсизлик постидаги “Қўриқлаш” бош бошқармасининг алоҳида батальонига телефон қилган.
Ўзини шифокор деб таништирган аёл қизи йўл-транспорт ҳодисасида жароҳат олгани, жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун зудлик билан 20 минг АҚШ доллари олиб келиши кераклиги сўраган.
Хабарга кўра, «қўнғироққа жавоб берган “Қўриқлаш” хизмати ходими фирибгарлар қўнғироқ қилаётганини дарҳол англаб, уларни қўлга олиш мақсадида “қизини қутқариш учун” учрашишга ва пул беришга тайёрлигини билдирган. Аёл Покистон элчихонаси яқинида учрашув белгилаган. Лекин у пулни олиб кетиш учун ўрнига Руслан исмли танишини юборган».
Хавфсизлик постининг расмий телефон рақамига қўнғироқ қилган Руслан жароҳатланган қизнинг отасини кутаётганини айтган. Фирибгар учрашув белгиланган жойда ходимлар томонидан қўлга олиниб, Яккасарой тумани ички ишлар бўлимига олиб борилган. Фуқаронинг шахси текширилганда, у аслида Чилонзор туманида яшовчи Самандар исмли 23 ёшли фуқаро экани аниқланган.
Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қайд этилишича, суриштирув давомида унинг шериги аниқланади, шунингдек, бошқа шу каби жиноятларга алоқадорлиги текширилади.
Шарҳлар