Фотошопчи амалдорнинг жиноятига чек қўйилди

Жиноят ишлари буйича Янгиқўрғон туман судида фотошоп дастури орқали ҳужжатларни сохталаштириб, пул ўзлаштирган мансабдорга жазо тайинланди.

Маълум бўлишича, судланувчи XXX «Гулистон томорқа хизмати» МЧЖ раҳбари сифатида ишлаб келиб, фуқаро А.Ҳасанов билан «сув қудуғини бурғулаш тўғрисида» шартнома тузган. Шундан сўнг, у муайян тўловлардан қочиш мақсадида «Гулистон» маҳалласига қазилиши лозим бўлган ушбу сув қудуғи учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ва уни экспертизадан ўтказилганлиги ҳақидаги экспертиза хулосасини, ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатномани «ZAMIN PLUS PROJECT» МЧЖ номидан компютер техника воситаси орқали «Photoshop» дастуридан фойдаланган ҳолда сохталаштирган.  У сўнгра, бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоб-фактурага амалда бажарилмаган 23.064.600 сўмлик қурилиш монтаж ишларини қўшиб ёзиб, уларни фойдаланишга қабул қилиш комиссиясига такдим этиш йўли билан 120.000.000 сўм субсидия маблағлари ажратилишига эришган.

«Шунингдек, XXX жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, бошқа бир фойдаланувчи номига 21.150.296 сўмлик қурилиш монтаж ишларини қўшиб ёзиб, уларни фойдаланишга қабул қилиш комиссиясига тақдим этиш йўли билан 120.000.000 сўм субсидия маблағлари ажратилишига эришган», – дейилади хабарда. 

Айбланувчи ўзининг юқоридаги жиноий ҳаракатлари билан, «ZAMIN PLUS PROJECT» МЧЖ номидан 3 та лойиҳа-смета ҳужжатлари ва экспертиза хулосаларини, 3 та гидрогеология хулосаларини сохталаштириб, амалда бажарилмаган ишлар учун жами 67.000.000 сўмлик ортиқча субсидия маблағлари ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни ўзининг манфаатларига сарфлаб юбориб, субсидияни такроран ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Судланувчи суд жараёнидан айбига тўлиқ иқрор бўлган.

Суд ҳукмига кўра,  тайинланган жазоларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси тартибида қисман қўшиб, узил-кесил иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 2 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Шунингдек, етказилган зарарни қоплаш учун Наманган вилояти прокуратураси депозит ҳисоб рақамига қўйилган 67.000.000 сўм Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобига ундирилиши белгиланди

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.