Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Тошкент аэропортида тантанали равишда кутиб олинди
Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтган U23 Осиё кубогида ажойиб натижага эришди. Футболчиларимиз мамлакат тарихида илк бор жамоавий спорт баҳсларида Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бугун жамоамиз ўз юртига қайтиб келди ва пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда улар шарафига тантанали кутиб олиш маросими ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакат футбол ассоциацияси мутасаддилари ҳамда спортчиларнинг яқинлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Биринчи бўлиб Президент Администрацияси бўлим мудири Одил Абдураҳмонов сўзга чиқиб, футболчиларни эришилган муҳим ютуғи билан самимий табриклади. Сўнг президент Шавкат Мирзиёевнинг футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ва ушбу табрикнинг асл нусхасини жамоа бош мураббийи Тимур Кападзега топширди.
Тимур Кападзе ва жамоа сардори Жасур Жалолиддинов билдирилган ишонч ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдириб, ўзларига юклатилган вазифани уддалаганликларини ва бор эътиборларини 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида муваффақиятли иштирок этишга қаратишларини таъкидлашди.
МОҚ матбуот хизматининг хабарига кўра, 15 апрель – 3 май кунлари Қатарда бўлиб ўтган Осиё кубогида иштирок этган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси кумуш медални қўлга киритди ва ўзбек спорти тарихида илк бор Олимпия ўйинларига лицензия олди.
Шарҳлар